Қозоғистонда «Яндекс» компанияси шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига, уларни сақлаш ва маҳаллийлаштириш қоидаларига риоя қилаётганини аниқлаш мақсадида ноябрь ойи охиригача компаниянинг бешта юридик шахсида режадан ташқари текширувлар ўтказилади. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари — Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
Текширувлар «Яндекс Казахстан» МЧЖ, «Yandex Bastau» МЧЖ, «Яндекс. Такси Корп» МЧЖ, «Яндекс. Еда Казахстан» МЧЖ ва «Яндекс LLP» МЧЖ фаолиятини қамраб олади. Мадиевнинг сўзларига кўра, мутахассислар компаниялар томонидан фойдаланувчилар маълумотларини ҳимоя қилиш бўйича кўрилаётган ташкилий ва техник чора-тадбирларни ўрганади.
Агар текширувчилар қонунбузилишларни аниқласа, вазирлик уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар беради ва айбдорларни маъмурий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқади.
Бўлажак текширувлар ҳақида Мадиев депутат Лаззат Жилқибоеванинг сўровига берган жавобида маълум қилди. У 11 октябрь куни Москвадан тахминан 180 км узоқликдаги Владимир шаҳрида дрон компаниянинг дата-маркази инфратузилмасига шикаст етказганида, Қозоғистонда «Яндекс»нинг такси ва етказиб бериш хизматлари фаолиятида юз берган узилишлар масаласига эътибор қаратган эди.
Ўша куни Yandex Qazaqstan техник носозликлар юз берганини билдириб, мутахассислар уларни бартараф этиш устида ишлаётганини маълум қилган. Депутат эса қозоғистонликларнинг шахсий маълумотлари хорижга узатилган-узатилмагани ва уларни ҳимоя қилиш талабларига риоя этилган-этилмаганини аниқлашни сўраган.
«Ҳар куни фуқароларнинг телефон рақамлари, манзиллари, ҳаракатланиш йўналишлари ва тўлов маълумотларига ишлов берувчи сервиснинг чет элдаги битта носозлик туфайли ўз фаолиятини тўхтатиб қолиши ушбу маълумотлар айнан қайси давлатда ва қайси ҳуқуқий режим доирасида қайта ишланишини очиқ ва аниқ тушунтиришни талаб қилади», — дейилган депутатлик сўровида.
Шу билан бирга, 2023 йил декабрь ойидаёқ Рақамли ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати маҳаллий қонунчилик талабига кўра «Яндекс» серверларини Қозоғистон ҳудудида жойлаштиргани ҳақида ҳисобот берган эди.



