Австралияда 28 октябрь куни 2022 йилда якунланган ва Афғонистонда махсус кучлар қўмондонлиги фаолиятидаги камчиликларга бағишланган тергов хулосаларининг қисқача мазмуни эълон қилинди.
Афғонистонда жанг қилган Австралия махсус кучларининг айрим офицерлари ўз қўл остидагилар ўлдирилган афғонларни жангарилар сифатида кўрсатиш учун уларнинг ёнига қурол ташлаб қўйганидан хабардор бўлган, бироқ бу ҳолатлар юзасидан тергов ўтказилишини талаб қилмаган. Бу ҳақда Австралия Қуролли кучлари бош инспекторининг текширув хулосалари қисқача мазмунида айтилган.
Ҳужжатда қонунбузарликлар нега йиллар давомида жазосиз қолгани тушунтирилган. Махсус авиация хизмати (SAS) полкида тажрибали сержантлар шу қадар катта таъсир кучига эга бўлганки, кичик офицерлар амалда улар устидан назоратни йўқотган. Ҳарбий операциялардан кейин иштирокчилар воқеаларнинг ўзларига қулай талқинини ўзаро келишиб олган ва бу маълумотлар кейинчалик юқори раҳбариятга тақдим этилган ҳисоботларга киритилган. Айрим ҳарбий юристлар ва разведка ходимлари қонунбузарликларни яширишга ёрдам берган бўлиши мумкин.
Қўмондонликда шубҳаланиш учун асослар бўлган. Ҳисоботларда ўлдирилган душманлар сони ортиб борган, бироқ ярадорлар ва австралиялик ҳарбийлар орасида талафотлар қайд этилмаган. Махфийлик режими ҳам шубҳаларни текширишга халақит берган: махсус кучлар ходимларининг шахсини ҳимоя қилиш баҳонасида терговчиларга уларнинг исмларини ошкор этишдан бош тортилган.
Ҳисобот муаллифларининг ёзишича, бошқарув, интизом ва назоратдаги камчиликлар айрим ҳарбийларга узоқ вақт давомида фош бўлмасдан юриш имконини берган.
Текширув 2020 йилда судя Пол Бреттон ҳисоботи эълон қилинганидан кейин тайинланган. У махсус кучлардаги қўмондонлик тизими ва ички тартиб-қоидаларни ўрганишга бағишланган бўлган. Бош инспекторнинг тушунтиришича, тергов натижасида 42 та хулоса шакллантирилган. Бирламчи текширув материалларини ўз ичига олгани сабабли ҳужжатнинг тўлиқ матни махфийлигича қолмоқда.
Айни пайтда, идора қўмондонлик ўз қўл остидагилар айнан ҳарбий жиноятлар содир этганини билгани ёки бундан шубҳаланиш учун асосли сабабларга эга бўлганини аниқлашнинг имкони бўлмаганини таъкидлайди. Айрим офицерларнинг сохталаштириш ҳолатларидан хабардор бўлгани улар қотилликларнинг барча тафсилотларини билганини исботламайди.
Аввалроқ «Фарғона» хабар берганидек, Бретон ҳисоботида 39 нафар киши — ҳарбий асирлар ва тинч аҳоли вакилларининг эҳтимолий ноқонуний ўлдирилиши билан боғлиқ 23 та ҳолат юзасидан ишончли маълумотлар аниқланган. Унда қурбонлар ёнига қурол ташлаб кетиш ва «жангда чиниқтириш» амалиёти ҳам тасвирланган бўлиб, бунда янги келган ҳарбий хизматчиларни қўлга олинган шахсларни ўлдиришга мажбурлашган.
Кейинги жиноий терговларда гумонланувчилардан бири SAS махсус кучларининг собиқ капрали, Австралиянинг энг олий ҳарбий мукофоти — Виктория хочи билан тақдирланган Бен Робертс-Смит бўлган. 2026 йил апрель ойида унга уруш жинояти сифатида баҳоланган қотиллик бўйича бешта айблов қўйилган.
Бунга қадар Робертс-Смит Афғонистондаги хизмати ҳақида журналистлар эълон қилган мақолаларни суд орқали рад этишга уринган, бироқ туҳмат бўйича даъвода ютқазган. Суд фуқаролик судлови қоидаларига мувофиқ, матбуотдаги айбловларнинг салмоқли қисмини исботланган деб топган. Жиноий иш эса алоҳида кўриб чиқилмоқда: унга қўйилган айбловлар бўйича айбдорликни суд аниқлаши лозим.



