2023 йилдаги Sustainable transport connections between Europe and Central Asia (Европа ва Марказий Осиё ўртасида барқарор транспорт алоқалари) ҳисоботидан олинган фотосурат
Европа Иттифоқи Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни Европа бозори билан тўғридан-тўғри боғлаши керак бўлган «Ўрта йўлак»ни ривожлантиришга 12 миллиард еврогача давлат ва хусусий инвестицияларни жалб этиш ниятида. Бу ҳақда 16 сентябрь куни Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен «Иттифоқнинг аҳволи тўғрисида»ги йиллик мурожаатида маълум қилди. Европа Комиссияси раҳбари аниқлик киритишича, молиялаштириш Европа Иттифоқининг Global Gateway ташаббуси орқали сафарбар этилиши режалаштирилмоқда.
«Бизнинг мақсадимиз — йўналишларни диверсификация қилиш, савдо оқимларини уч баравар ошириш ва 2030 йилга қадар юкларни ташиш муддатларини кескин қисқартиришдан иборат», — деди фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, лойиҳани амалга ошириш мақсадида Европа Комиссияси Болгария Бош вазири билан биргаликда транспорт алоқаларини ривожлантириш бўйича минтақавий саммит ўтказади.
Фон дер Ляйен халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни Европанинг стратегик танлови ва қоидаларга асосланган халқаро тизимдаги бўлинишга жавоб деб атади. Шу билан бирга, маълум қилинган 12 миллиард евро аллақачон ажратилган маблағ эмас, балки жалб қилиниши режалаштирилаётган инвестицияларнинг мақсадли ҳажми сифатида белгиланган. Эълон қилинган нутқда маблағларни мамлакатлар ва муайян объектлар ўртасида тақсимлаш масаласи очиб берилмаган.
ℹ️ «Ўрта йўлак», шунингдек Транскаспий халқаро транспорт йўлаги номи билан ҳам танилган бўлиб, Хитойни Россия ҳудудини четлаб ўтган ҳолда Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон ва Грузия орқали Европа билан боғлайди. Европа Комиссияси 2023 йили эълон қилган тадқиқотда тушунтирилишича, Грузиядан юклар қуруқлик орқали Туркияга ёки денгиз йўли билан Қора денгиз орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига етказилиши мумкин.



