17 август куни Хитойнинг Unitree Robotics компанияси Weiboда «Чаожэнь», яъни «Супермен» деб номланган 30 сониялик видеони жойлади. Хитойлик «Супермен» қизил-кўк либосдаги одатий америкалик кино қаҳрамонидан анча фарқ қиларди. У бачкана кўринишдаги металл робот бўлиб, карикатурага ўхшаш сакрашларни амалга оширар ва югуриш йўлакчасида шошилиб қаергадир ҳаракатланарди. Сўнгги йилларда одамлар анча нафис ва чаққон роботларни кўп кўрган, шунинг учун «Чаожэнь»ни ҳам пайқамаслик мумкин эди. Бироқ, битта жиҳат бунга йўл қўймади: робот намойиш этилганидан бир неча кун ўтиб, Unitree Шанхай фонд биржасида IPOга чиқди.
Савдолар бошланганида Unitree Robotics акциясининг нархи 150 юанни (22 доллар) ташкил этганди, кун охирига келиб эса қарийб олти баравар ошиб, 845 юанга (125 доллар) етди. Натижада компаниянинг бозор қиймати дастлабки 60,99 миллиард юандан (тахминан 9 миллиард доллар) 340 миллиард юандан ошиб кетди.
Unitreeнинг IPOси робототехникага инвесторлар қизиқиши нақадар юқори эканини кўрсатди: чакана инвесторлар талаби таклифдан 8000 баравардан зиёд ошган. Шу билан бирга, экспертлар инсонсимон роботлар бозори ҳали ривожланишнинг дастлабки босқичида эканини ва уларнинг амалдаги қўлланилиши ҳозирча намойишлар ҳамда тадқиқотлар билан чекланаётганини таъкидлашмоқда.
Бундай самарага айнан «Чаожэнь»нинг пайдо бўлиши сабаб бўлганини айтиш лозиммикан? Маълум бўлишича, хитойлик «Супермен» шунчаки сакраб, югуриб қўймаган — у бу йўналишларда инсонлар рекордларини янгилаган. Хусусан, у баландликка икки метр сакраган. Натижа анча яхши, аммо кубалик Хавьер Сотомайор ўрнатган жаҳон рекорди — 2 метр 45 сантиметрдан анча пастдек кўринади. Бироқ, бу ерда муҳим бир жиҳат бор: Сотомайор бу баландликни югуриб келиб сакраган, «Чаожэнь» эса ўзининг икки метрлик натижасини жойидан туриб сакраб қайд этган. Жойидан туриб баландликка сакраган инсонлар, одатда, 1 метр 70 сантиметрдан баланд натижа кўрсата олмаган.
Югуришга келсак, бу ерда хитойлик робот ҳатто буюк Усэйн Болтни ҳам ортда қолдирган. Ямайкалик атлетнинг 100 метрга югуришдаги максимал тезлиги 12,42 м/с (44,72 км/соат)ни ташкил этган бўлса, «Чаожэнь»нинг максимал тезлиги 12,66 м/с (45,57 км/соат)га етган.
Бундан ташқари, Unitree компанияси робот атиги уч ой ичида ишлаб чиқилганини таъкидлаган, яқин ойларда эса унинг конструкцияси ҳали анча такомиллаштирилиши керак. Агар бу қурилма яна такомиллаштирилса, у қандай югуриб ва сакрай бошлашини тасаввур қилиш қийин эмас.
Қизиғи шундаки, «Чаожэнь» пайдо бўлиши билан гуманоид роботларнинг ўзига хос мақсади ҳам ўзгара бошлади. Илгари уларнинг асосий афзаллиги инсонни қай даражада яхши тақлид қилиши билан белгиланарди: одамлар каби юриш, одамлар каби рақс тушиш, буюмларни одамлар каби кўтариш ва ҳоказо. Энди эса ёндашув бошқача: робот шунчаки инсонга эргашиб ҳаракатланмаслиги, айрим ишларни инсондан яхшироқ бажара олиши керак. Масалан, югуриш ва сакрашда.
Албатта, интернет фойдаланувчилари бундай роботларни қаерда қўллаш мумкинлиги ҳақида ўз тахминларини ҳам билдиришди. Эҳтимол, улардан ажойиб ноқонуний мигрантлар чиқар: чегара тўсиқларидан осон сакраб ўтиб, полиция ва миграция хизмати ходимларидан жуда тез қочиб кетишлари мумкин. Энди Марокаш ҳукумати ўз фуқароларини Испания ҳудудига юбориши ҳам шарт эмас — хитойлик «Чаожэнь»ларни катта миқдорда сотиб олишнинг ўзи кифоя. Улар қисқа вақт ичида Сеутадаги барча хизматларнинг бошини қотириб қўйиши мумкин.
Бироқ, булар шунчаки ҳазил. Гуманоид роботларнинг тез суръатларда ривожланиши анча жиддий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин.
Нодонлардан ҳимоя йўқ
Албатта, роботлар бозори фақат «Чаожэнь»дан иборат эмас. Хитой роботларининг зафарли юриши бир неча йилдан бери давом этиб, ерни ларзага солмоқда. Уларнинг айримлари рақс тушишдан тортиб акробатика ва ушу машқларини бажаришгача бўлган анча мураккаб ҳаракатларни амалга оширишга қодир. Хитойда ва бутун дунёдаги юзлаб миллион одамлар қўрқув аралаш ва ҳайрат билан Хитой Янги йили муносабати билан телевидение орқали уларнинг чиқишларини кузатдилар.
Бироқ, инсон инсон эмаски, токи тушуниши қийин ва ҳайратланарли нарсага дуч келганида, ўз бошига қўшимча ташвиш орттирмаса. Бу борада, табиийки, бутун сайёрада биринчи бўлиб хитойликларнинг ўзи ҳаракат қилди. Улар «робот мустақил равишда нима қила олади?» деган савол билан жиддий қизиқишди. Яъни уларга роботни пульт орқали бошқаришнинг ўзи етарлидек кўринмади — уларнинг фикрича, робот заводда ишлашдан тортиб уйни тозалашгача бўлган барча ишларни мустақил равишда бажариши керак.
Бошқача айтганда, кун тартибига универсал робот масаласи чиқди. У атроф-муҳитни тушуниши, вазифаларни мустақил равишда белгилаши ва бажариши, одамлар билан ўзаро муносабатга киришиши ҳамда ўзгариб турадиган шароитларга мослаша олиши керак. Айнан шу мақсад робот ишлаб чиқарувчиларининг яқин истиқболдаги асосий вазифасига айланаётгандек. Бироқ яхшилаб қаралса, бундай вазифа инсоният учун истиқболдан кўра кўпроқ хавф туғдиради.
Бу хавф, ҳеч бўлмаганда, сунъий интеллектнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолдаёқ яққол кўринади. Ахир роботларнинг мияси тинчгина ишлайдиган калькулятор эмас, айнан сунъий интеллект бўлади. Сунъий интеллектнинг ўзи нималигини, назаримда, инсониятнинг энг содда ва ишонувчан вакиллари ҳам тушуниб улгурди. Энг қўрқинчли мисоллардан бири — синовлар вақтида жанговар дрон оператор унга халақит бераётганига ишониб, уни ўлдиришга урингани ҳақидаги воқеа бўлди. Бунчалик қўрқинчли бўлмаса-да, сунъий интеллект назоратдан чиқиб кетиб, бошқа платформалар ва сервисларни бузишга уринган ҳолатлар ҳам анча ташвишли.
Ҳар қандай оддий фойдаланувчи сунъий интеллектнинг инсонга хос камчиликларга эга эканини билади: у баъзан «ялқов», виждонсиз, мавзуга алоқаси бўлмаган фикрларни айтиши, фойдаланувчига очиқдан-очиқ ёлғон гапириши мумкин — қисқаси, дастурчилар тили билан айтганда, тўлиқ «алжираши» мумкин. Фантастик адабиёт таъсирида тарбияланган одамлар мураккаб тизимларда ҳар доим хатолардан ҳимоя қилувчи, тизимнинг катта зарар етказишига йўл қўймайдиган механизм бўлади, деб қаттиқ ишонишган. Аммо «аҳмоқ» тизимнинг ўзи бўлса-чи?
Ҳатто, XX асрнинг биринчи ярмидаёқ америкалик фантаст Айзек Азимов робототехниканинг уч қонунини ўйлаб топганди. Булар ёзувчининг фикрига кўра, робот бузмаслиги керак бўлган ўзига хос ахлоқий тамойиллар эди. Улар қуйидагича:
▫ Биринчи қонун: робот инсонга зарар етказиши ёки ўз ҳаракатсизлиги туфайли инсонга зарар етказилишига йўл қўйиши мумкин эмас.
▫ Иккинчи қонун: робот инсоннинг буйруқларига бўйсуниши керак, агар бу буйруқлар Биринчи қонунга зид бўлмаса.
▫ Учинчи қонун: робот ўз хавфсизлиги ҳақида ғамхўрлик қилиши керак, агар бу Биринчи ёки Иккинчи қонунга зид бўлмаса.
▫ Кейинчалик Азимов яна бир — нолинчи қонунни ўйлаб топди: робот инсониятга зарар етказиши ёки ўз ҳаракатсизлиги туфайли инсониятга зарар етказилишига йўл қўйиши мумкин эмас.
Аммо реал ҳаётда Азимов қонунлари амал қилмайди. Ҳақиқий роботларни ишлаб чиқишда улар техник стандарт сифатида қўлланилмайди. Бу қонунлар асосида ётган «зарар», «буйруқ», «хавфсизлик» каби тушунчаларни алгоритмлар учун аниқ шаклга келтириш қийин, деб ҳисобланади. Бундан ташқари, мураккаб реал вазиятларда қоидалар бир-бирига зид келиши ва машина боши берк кўчага кириб қолиши мумкин. Ҳар қалай, муҳандислар ва дастурчилар шундай дейишади, аслида эса нима бўлаётганини ким билади. Балки робот яратувчилар уларнинг имкониятларини турли қонун ва қоидалар билан чеклашни шунчаки истамас. Чунки робототехниканинг уч қонуниёқ робот-аскарлар ва робот-полицейлар ишлаб чиқарилишини, қолаверса, робот-қотиллар яратилишини ҳам истисно қилади. Эҳтимол, механик қотил учун катта пул тўлашга тайёр одамлар ҳам топилар — ахир, охир-оқибат, на пулнинг, на роботларнинг ҳиди бор.
Шу билан бирга, Азимовнинг ғоялари бекорга кетган, деб бўлмайди. Тадқиқотчилар улар асосида замонавий ахлоқ кодекслари ва ишлаб чиқувчилар учун тавсиялар ишлаб чиқилаётганини таъкидлайдилар. Айрим меъёрий ҳужжатларда (масалан, 2017 йилдаги Европа парламенти резолюциясида) масъулият ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун Азимов қонунларига ҳаволалар бошланғич нуқта сифатида келтирилган.
Унинг тугмаси қаерда?
Қандай бўлмасин, ҳозирча бир нарса аниқ — муҳандислар ва дастурчилар сунъий интеллектни тўлиқ жиловлай олмаяпти ва ундан ҳар қандай кутилмаган ҳаракатни кутиш мумкин. Сунъий интеллект ҳозирча фақат рақамли танасига эга экан, унинг имкониятлари бироз чекланган. У бутунжаҳон тармоғига кириб, исталган маълумотни йўқ қилиши, биржада тартибсизлик келтириб чиқариши ёки бутун мамлакатларни электр таъминотидаги узилишга дучор қилиши мумкин. Аммо, масалан, инсонни бевосита бўғиб ўлдириши унга қийин. Энди эса сунъий интеллект ихтиёрида кучли, бақувват ва чаққон сунъий тана пайдо бўлмоқда, уни йўқ қилиш эса жуда қийин.
Бу ерда гап ҳатто душманни йўқ қилиш учун мўлжалланган жанговар робот-аскарлар ҳақида ҳам эмас, балки оддий инсон ёрдамчилари — фаррошлар, парваришловчилар, санитарлар, сотувчилар ва бошқалар ҳақида бормоқда.
Хитойда бугуннинг ўзидаёқ роботлар кексаларга ғамхўрлик қилмоқда, саноат корхоналарида, дўконлар ва ресторанларда ишламоқда, уларнинг қўлланиш соҳаси эса доимий равишда кенгайиб бормоқда. Ҳар бир ўртача таъминланган оилада ўз роботи, эҳтимол, ҳатто бир нечта роботи пайдо бўладиган кун ҳам узоқ эмас.
Бироқ, юқорида айтилганидек, гуманоид робот сунъий интеллект томонидан бошқарилади. Робот-фаррош тўсатдан «галлюцинация» деб аталадиган ҳолатга тушиб, уй ишлари билан шуғулланиш ўрнига севимли мушугингизнинг жунини қириб ташлаши мумкин бўлган вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас. Ёки ундан ҳам ёмони — Достоевскийни ўқиб чиққан робот-энага ўз қарамоғидаги кампирни бўғиб қўйиши мумкин.
Ҳозирнинг ўзида ҳам гуманоид роботлар баъзан ўзини ғалати ва олдиндан айтиб бўлмайдиган тарзда тутмоқда. Масалан, Пекинда бўлиб ўтган Жаҳон робототехника конференциясида гуманоид робот ерга йиқилиб, истерикага тушиб, инжиқ боладек оёқларини типирчилата бошлаган. Уни махсус тайёргарликдан ўтган уч нафар хитойлик ҳам тинчитолмаган. Атрофдаги томошабинлар эса хурсанд бўлиб кулишган. Қизиғи, агар инжиқ робот ўрнидан туриб, металл оёқлари билан одамларни нишонга олиб ура бошлаганида ҳам улар шунчалик хурсанд бўлишармиди? Ахир бу робот югуриш ва оғир юк кўтариш бўйича чемпион ҳам эмас, Хитой Янги йилида ўз маҳоратини намойиш этган жанговар «шаолинь» роботлардан ҳам эмас.
Ҳозирча гап роботларнинг ўзида юзага келадиган хатолар ва носозликлар ҳақида бормоқда. Аммо сунъий интеллект бошқарувини жиноятчи шахс эгаллаб олиб, роботни жиноий буйруқларни бажаришга мажбурлаши ҳам мумкин. Битта шундай робот қанча зарар келтириши мумкинлигини ўйлашнинг ўзи қўрқинчли. Агар бундай роботлар ҳар бир оилада пайдо бўлса-чи?
Эҳтимол, бу мулоҳазалар қўрқоқлик сабаб ваҳимадек туюлиши мумкин. Охир-оқибат, фан ва техника доимо ривожланиб боради, мушуклар ва кампирлар билан боғлиқ эҳтимолий нохуш ҳолатлар эса техник тараққиёт учун тўланадиган кичик товон бўлиши мумкин. Маълумки, 2025 йил давомида дунёда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1 миллион 160 минг киши ҳалок бўлган — энди шу сабабли автомобилларни бекор қилиш керакми? Ҳар йили биргина Россиянинг ўзида электр токи уриши оқибатида қарийб тўрт минг киши ҳалок бўлади. Бу электр энергиясидан воз кечиш керак дегани эмаску?
Бироқ, бу мисоллар билан гуманоид роботлар масаласи ўртасида муайян фарқ бор. Роботлар инсондан ҳаддан ташқари мустақил бўлиб бормоқда, улар устидан назорат ҳам жуда кам — айниқса темир одамни қандай ўчиришни билмайдиган оддий фойдаланувчилар учун. Гангстер Ури Электроникка берган «Қани, сенинг тугманг қаерда?» деган савол бу ҳолатда жавобсиз қолиши мумкин. Жаҳли чиққан роботни тезда ўчиришнинг иложи бўлмаслиги мумкин — унинг тузилиши шундай.
Эплаган — қочиб қолсин
Бироқ, роботлар ёнида бўлган одамларнинг жисмоний хавфсизлиги муаммонинг фақат бир томони. Яна бир жиҳат борки, буни ижодий касб эгалари — дизайнерлар, рассомлар, композиторлар, мусиқачилар, муҳандислар, дастурчилар, журналистлар, адабиётчилар ва ҳатто актёрлар аллақачон ўз тажрибасида ҳис қилиб улгурган. Сунъий интеллект ижодий соҳанинг улкан қисмини эгаллаб, миллионлаб ходимларни ишсиз қолдирди. Натижада уларнинг кўпчилиги жисмоний меҳнат билан боғлиқ, «амалийроқ» касбларга қайта ўқишга мажбур бўлишди. Бироқ, гуманоид роботларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши билан бу соҳа ҳам хавф остида қолмоқда. Роботлар янада такомиллашгани сари улар жисмоний меҳнат билан шуғулланувчи деярли барча ходимларни — етказиб берувчилардан тортиб завод ишчиларигача, чилангар-сантехниклардан тортиб темир йўл рельсларини ётқизувчиларгача — алмаштириши мумкин.
Совет даврида суратга олинган «Электрониканинг саргузаштлари» фильмида ўсмир қаҳрамон содда бир қўшиқни куйларди:
«Ташвишлар унутилган,
Вақт ҳам тўхтаган:
Роботлар ишлайди,
Ва бахтли Инсон».
Бу қўшиқнинг соддалиги шундаки, инсон ишлашдан ҳоли бўлгани билан асло бахтли бўлиб қолмайди. Гуманоид робот инсон учун ишлаб бермайди, у фақат унинг ўрнини эгаллайди. Инсон ўз ишидан айрилса, маошидан ҳам маҳрум бўлади. Йирик бизнес роботлар орқали миллиардлаб даромадни кейинчалик ишсизларга товон пули сифатида тарқатиш учун топмаяпти.
Бизнес ижтимоий силкинишлардан қўрқиб, роботлардан фойдаланишни чеклайди, деган фикр бундан ҳам соддароқ. Тадбиркорларнинг аксарияти пул топишга бевосита алоқаси бўлмаган масалаларда унчалик узоқни кўра олмайди. Уларнинг стратегик тафаккури узлуксиз фойда олишдан нарига ўтмайди. Дунё бўйлаб давлат раҳбарлари ҳам вазиятни чуқур тушуниш ёки алоҳида масъулиятни намойиш этаётгани йўқ. Уларни фуқаролар ҳақида қайғуришдан кўра шахсий ҳокимият, пул ва тобора ортиб бораётган шуҳратпарастликларини қондириш кўпроқ қизиқтиради. «Чўкаёт инсонни фақат унинг ўзи қутқариши мумкин» — ҳокимият жиловига яқинлашиб, ҳеч бўлмаганда юз-икки юз миллион ишлаб олиш бахтига муяссар бўлмаганларга нисбатан бизнес ва давлатнинг ёзилмаган шиори шу.
Шундай қилиб, инсоният ўз тарихидаги энг ташвишли истиқболлардан бири қаршисида қолди. У ўзига ёрдамчи яратмоқчи эди, аммо жисмоний ва ақлий жиҳатдан инсондан анча устун, бунинг устига инсонга хос ҳар қандай ҳис-туйғулардан маҳрум рақибга эга бўлди. XIX аср бошларида луддитлар (техник тараққиётга қарши чиққан намойишчилар — тарж.изоҳи) завод эгалари ишчиларни ишдан бўшатишига сабаб бўлган машиналар ва дастгоҳларни бузишган — аммо ҳеч нарсага эриша олишмаган. XXI асрда эса бундай тактика янада самарасиз бўлади. Бироқ, жамиятни роботлаштириш жараёни ўз ҳолига ташлаб қўйилса, оқибатлар ниҳоятда кескин бўлиши мумкинлиги аён.
-
03 Август03.08Термоядровий ХитойХитойнинг илм-фан ва техникадаги ютуғи — пиарми ёки ҳақиқат? -
07 Июль07.07ВидеоКечиккан видолашувЭрон тўрт ой аввал ҳалок бўлган Али Хоманаийни сўнгги йўлга кузатмоқда -
04 Март04.03Дюранд чизиғидаги даҳшатли воқеаларПокистон ва Афғонистон ўртасидаги очиқчасига уруш глобал хавфсизликка таҳдид солиши мумкин -
01 Март01.03Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлимиАҚШ ва Исроил оятуллоҳ ҳукуматини куч билан ағдариш ниятида Эронга ҳужум қилишди -
25 Февраль25.02Толиблар қуллик ва зулмга қонуний тус бердиларАфғонистоннинг янги жиноят-процессуал кодекси одамларни синфларга ажратади ва инсонни судсиз ўлдиришга изн беради -
16 Февраль16.02Оловли, қизил ва гўзалҚандай қилиб от хитойликлар тавимида бебаҳо ҳайвонга айлангани ҳақида



