Ozon маркетплейси сотувчиларга товарларни Олмаота ва Остонадаги ўз логистика марказларига жойлаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда компания ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
«Товарларни Олмаота ва Остонадаги объектларимизга жойлаштиришга таклиф қиламиз. У ердан Россиядаги мижозларга буюртмаларни ҳеч қандай муаммосиз етказиб берамиз. Шунингдек, маҳаллий Ozon харидорлари учун тезкор етказиб бериш ҳисобига Қозоғистон ва Қирғизистондаги савдолар ҳам ошади», — дейилади хабарда.
Компания аниқлик киритишича, товарларни Олмаота ва Остонага етказиб бериш учун сотувчиларга қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайди. Бунинг учун етказиб беришга ариза расмийлаштириш ва Қозоғистон кластерларини танлаш кифоя.
30 сентябрга қадар Ozon Олмаота ва Остонага етказиб беришлар вақтида кросс-докинг учун алоҳида ҳақ олмайди. Компания, шунингдек, Россияга буюртмаларни етказиб бериш бир неча кун давом этишини маълум қилди. Хусусан, Екатеринбургга товарлар ўртача тўрт-беш кунда етказилади.
Ozon таъкидлашича, Қозоғистондаги логистика марказларида исталган миқдордаги товарларни, жумладан, йирик ҳажмли маҳсулотларни ҳам жойлаштириш мумкин.
Ozonнинг бу таклифи Россияда маркетплейсларнинг логистика объектларига дронлар ҳужумлари фонида пайдо бўлди. Ўтган якшанба куни Белгородда Ozonнинг саралаш маркази ва етказиб бериш хаби ҳужумга учради. Жабрланганлар бор, объектда ёнғин чиққан.
Аввалроқ «Коммерсантъ» нашри манбаларга таяниб, Wildberries ни ривожлантирувчи RWB гуруҳи Россиядаги объектларга қатор дрон ҳужумларидан сўнг Қозоғистондан омборхоналар қидира бошлагани ҳақида хабар берган эди. Нашр маълумотларига кўра, Россиядаги омбор эгалари хавфлар ортиб кетгани сабабли компанияга биноларни ижарага беришга камроқ қизиқиш билдирмоқда.
18 июлдан бошлаб Россиядаги Wildberries объектлари дронларнинг кенг кўламли ҳужумларига дучор бўлди. Шу билан бирга, Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги компаниядан бу масала бўйича расмий сўровлар келиб тушмаганини маълум қилганди.
Август ойида Wildberries ва Russ бирлашган компанияси матбуот хизмати асосий қувватларни Россиядан ташқарига кўчириш ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Компания иштирок этаётган мамлакатларда логистика инфратузилмасини кенгайтиришини, омбор объектлари қурилиши эса режа асосида олиб борилаётганини таъкидлади. Хусусан, Қозоғистондаги қурилиш ишлари сўнгги ҳужумлардан анча олдин бошланган. Компания Алматида қарийб 160 минг квадрат метр майдонга эга мажмуа, Остонада эса қарийб 100 минг квадрат метрлик мажмуа барпо этмоқда. Иккала объектни ҳам 2027 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.



