Қирғизистонлик тадбиркорлар Россиядаги Wildberries омборларига дронлар ҳужумлари оқибатида зарар кўрган товарлар қийматини дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 5,45 миллиард сомдан ортиқ, яъни қарийб 65 миллион доллар деб баҳолади. Бу ҳақда Tazabek нашри Қирғизистон Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Вазирликнинг дастлабки маълумотларига кўра, 460 нафар тадбиркор зарар кўрган. Улардан 126 нафари ишлаб чиқарувчилар, 334 нафари эса сотувчилар (селлерлар) ҳисобланади. Зарарнинг якуний миқдори инвентаризация ва тадбиркорларнинг аризаларини Wildberries маълумотлари билан солиштириш ишлари якунланганидан сўнг аниқланади. Иқтисодиёт вазирлиги якуний сумма ўзгариши мумкинлигини таъкидлади.
Айниқса, тўқимачилик соҳаси учун зарар сезиларли бўлган. Енгил саноат «Легпром» ассоциацияси директори Азамат Керимбек уулу тушунтиришича, тикувчилик корхонаси учун омбордаги товар бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқаришга киритилган айланма маблағ ва кутилаётган даромадни англатади. Партиянинг йўқотилиши икки томонлама зарар келтиради: корхона ҳам товардан, ҳам маблағдан маҳрум бўлади.
«Маркетплейсларнинг омбор инфратузилмасига қилинган ҳужумлар Қирғизистон ишлаб чиқарувчилари ва селлерларига жиддий таъсир кўрсатди. Кўпчилик товарларини йўқотди, логистика бузилди, касса узилишлари юзага келди. Агар вазият чўзилса, ишлаб чиқариш ҳажми қисқариши, кичик цехлар ва иш ўринлари ёпилиши хавфи бор», — деди Керимбек уулу.
Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда Wildberries ва Ozon платформаларида Қирғизистондан 20 мингдан ортиқ сотувчи рўйхатдан ўтган. Шу йили Россия Қирғизистон товарларини 738,5 миллион долларлик ҳажмда қабул қилган, унинг Қирғизистон умумий экспортидаги улуши эса 24,4 фоизни ташкил этган.
Вазирлик маълум қилишича, Wildberries Қирғизистонлик сотувчиларга қисман тўловларни амалга оширишни бошлаган. Ҳар бир ҳолат бўйича компенсация миқдори ҳужжатлар ва зарарни баҳолаш натижалари асосида алоҳида белгиланади. Илк икки транш 22 ва 30 июль кунлари амалга оширилган: биринчи тўлов 88 минг нафар кичик бизнес тадбиркорини, иккинчиси эса 97 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес вакилини қамраб олган. Компания бу тўловларни форс-мажор ҳолатлари туфайли зарар кўрган товарлар учун ихтиёрий компенсация сифатида атади.
Ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги ва «РВБ» компанияси (Russ ва Wildberries бирлашган компанияси) тезкор штаб тузган ва ҳар ҳафта видеоконференциялар ўтказмоқда. «Кыргыз Экспорт» маркази директори Урмат Такировнинг тушунтиришича, сотувчиларнинг РВБ билан шартномалари Россия ҳудудида тузилган. Шунинг учун талабларнинг ҳуқуқий баҳоси оферта шартлари ва Россия қонунчилигига боғлиқ бўлади.
Қирғизистон ҳукумати 2026 йил 1 августдан 31 декабргача ягона солиқ ва у бўйича ҳисоботдан вақтинча озод қилишни назарда тутувчи лойиҳани тайёрлади. Ушбу чора тикувчилик ва тўқимачилик ишлаб чиқариши субъектлари, шунингдек, ЕОИИ давлатларида электрон майдончалар орқали товар сотувчи тадбиркорлар учун таклиф этилмоқда. 27 август ҳолатига кўра, лойиҳа Қирғизистон президенти маъмурияти билан келишиш учун юборилган.
Зарар кўрган бизнес учун кредит таътиллари, тўловларни кечиктириш ва кредитларни қайта тузиш масалалари ҳам алоҳида ишлаб чиқилмоқда. Соҳани қўллаб-қувватлашнинг амалдаги тизимида Иқтисодиёт вазирлиги айланма маблағларни йиллик 6 фоиз ставкада имтиёзли кредитлашни ҳам қайд этмоқда.
Компенсация излаш билан бир қаторда Қирғизистон ишлаб чиқарувчилари сотув бозорларини диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқда. 25–27 август кунлари Қирғизистоннинг 34 та тўқимачилик компанияси Польшадаги Лодзь шаҳрида ўтказилган Trends Expo ва Sourcing Expo кўргазмаларида иштирок этди. Кейинги йўналиш сифатида 2026 йил 31 августдан 2 сентябргача Парижда бўлиб ўтадиган Texworld Apparel Sourcing Paris кўргазмаси белгиланган бўлиб, унга Қирғизистоннинг 14 та компаниясини юбориш режалаштирилмоқда.
Бироқ Урмат Такиров таъкидлашича, Европа бозори Россия бозорининг ўрнини қисқа муддатда боса олмайди. Етказиб берувчилар матоларнинг хавфсизлиги ва экологик талабларга мувофиқлигини таъминлаш, сертификатлаш, харид жараёнлари ва ишлаб чиқариш назоратига қўшимча маблағ сарфлашига тўғри келади. Соҳа учун энг реалистик стратегия — Россиядаги сотувларни сақлаб қолиш, захираларни бир нечта омбор ўртасида тақсимлаш ва бир вақтнинг ўзида Польша, Франция ҳамда бошқа бозорларда сотув каналларини кенгайтиришдир.
ℹ️ Украина дронларининг ҳужумлари серияси 2026 йил 18 июль куни кечаси Москва вилоятининг Электросталь ва Тамбов вилоятининг Котовск шаҳарларидаги Wildberries логистика мажмуаларига қилинган ҳужумлар билан бошланган. Август ойи ўртасига келиб, ҳужумлар Россиянинг турли ҳудудларидаги компаниянинг 23 та объектига таъсир кўрсатди. Жами 14 киши ҳалок бўлган, 110 дан ортиқ киши жабрланган. Кейинчалик Ozon’нинг тақсимлаш марказлари ҳам ҳужумларга учраган. 22–31 август кунлари маркетплейснинг Россиянинг турли ҳудудларидаги олтита логистика мажмуасига ҳужум қилинди. Бир киши ҳалок бўлган, етти киши жабрланган.



