Сунъий интеллект учун чиплар ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги энг йирик компания — Американинг Nvidia компанияси чораклик даромад бўйича рекорд натижани қайд этди ва жаҳон сунъий интеллект саноати ривожланишида ҳал қилувчи бурилиш нуқтасига кирганини маълум қилди. Бу ҳақда компаниянинг матбуот релизида айтилади, шунингдек, маълумотлар CNBC телеканали келтирган рақамлар билан ҳам тасдиқланади.
Калифорния штатидаги Санта-Клара шаҳрида рўйхатдан ўтган компания 2026 йил 26 август куни 26 июлда якунланган 2027 молиявий йилининг иккинчи чораги бўйича 96,2 миллиард долларлик даромад ҳақида ҳисобот берди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106 фоизга, аввалги чоракка нисбатан эса 18 фоизга кўп. Бу ҳақда Nvidia’нинг расмий матбуот релизида маълум қилинган.
Компаниянинг соф фойдаси 126 фоизга ошиб, 59,7 миллиард долларга етган. Даромаднинг асосий қисми — 89 миллиард доллар, яъни умумий тушумнинг қарийб 92 фоизи — сунъий интеллект тизимларини ўқитиш ва ишлатиш учун чиплар етказиб берувчи дата-марказлар бўлинмаси ҳисобига тўғри келган. CNBC таъкидлашича, бу кўрсаткич йиллик ҳисобда 117 фоизга ошган.
Nvidia асосчиси ва бош директори Женсен Хуанг ҳисобот билан бирга тарқатилган баёнотида сунъий интеллект «бурилиш нуқтасига етгани»ни айтди. Унинг сўзларига кўра, СИ энди фойдали ишларни бажараётгани, ҳисоблаш қувватлари эса харажат эмас, балки даромад манбаига айлангани бу жараённи тезлаштирмоқда.
«Талаб ҳам жадал суръатда ўсмоқда. Бир йил аввал инфратузилмани ривожлантириш юкини амалда битта лаборатория кўтарган бўлса, бугун биз янги СИ лабораториялари ва стартапларининг олтин даврини кўряпмиз. Бир нечта илғор лабораториялар бир вақтнинг ўзида масштаблашмоқда, очиқ моделлар экотизими ривожланмоқда, жисмоний СИ эса бозорга чиқмоқда — АҚШда ҳам, бутун дунёда ҳам кучли динамика кузатилмоқда», — деди Хуанг.
Унинг сўзларига кўра, «сунъий интеллект учун инфратузилма қурилиши тўлиқ қувватда давом этмоқда», янги Vera Rubin платформаси эса айнан шу давр учун яратилган.
Компания раҳбарининг таъкидлашича, бир йил аввал СИ инфратузилмасига бўлган талаб деярли тўлиқ битта йирик мижознинг харидлари ҳисобига таъминланган. Ҳозир эса харидорлар базаси стартаплар, очиқ моделлар ва роботлар ҳамда автоном транспорт каби жисмоний тизимларда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг янги йўналишлари ҳисобига кескин кенгайган.
Nvidia молия директори Коллетт Кресс инвесторлар билан телефон конференциясида компания ҳали ҳам «етказиб бериш имкониятлари билан чеклангани»ни айтди. Унинг баҳосига кўра, агар ишлаб чиқариш қувватлари етишмаслиги бўлмаганида, компания келгуси молиявий йилда даромадини икки бараварга ошириши мумкин эди.
Бу баёнотлар фонида Nvidia 2027 молиявий йилининг учинчи чораги учун 108 миллиард долларлик даромад прогнозини берди. Агар прогноз амалга ошса, бу компания тарихида биринчи марта бир чоракдаги тушум 100 миллиард доллардан ошишини англатади. Компания келгуси молиявий йилда даромад 70 фоизга ўсишини кутмоқда — бу Уолл-стрит таҳлилчилари прогнозларидан юқори.
Учинчи чорак прогнозига компания Хитойга дата-марказлар учун чиплар сотувидан тушадиган даромадни анъанавий тарзда киритмаган. Бу АҚШнинг Хитойга илғор яримўтказгичлар экспортига нисбатан давом этаётган чекловлари билан боғлиқ. TIKR маълум қилишича, агар Хитойга чиплар сотуви амалга ошса, инвесторлар буни прогнозда ҳисобга олинмаган қўшимча даромад сифатида қабул қилади.
Financial Times маълумотларига кўра, Nvidia Хитойга H200 чипларини етказиб беришни бошлаган. ByteDance ва Tencent компаниялари тахминан 10 мингтадан процессор олган. Бироқ, бу ҳажм Хитой бозорининг эҳтимолий кўламига нисбатан ҳали жуда кичик. KeyBanc таҳлилчиси Жон Вин ушбу бозорни 1,5 миллионта чип ёки тахминан 30 миллиард долларлик даромад деб баҳоламоқда.
Ҳисобот эълон қилинган куни Nvidia ва Amazon Web Services (AWS) — Amazonнинг булутли хизматлар бўлинмаси — стратегик ҳамкорликни кенгайтиришини маълум қилди. AWS 2027–2028 йилларда қўшимча 2 миллионта Nvidia график процессорини жойлаштиради. Улар орасида Blackwell Ultra, Rubin ва Rubin Ultra авлодларига мансуб чиплар ҳам бўлади.
Яна 100 мингта чип АҚШ ҳукумати ва миллий хавфсизлик вазифаларига хизмат қиладиган ҳимояланган инфратузилмани яратиш учун ажратилади.
Рекорд даражадаги кўрсаткичлар ва таҳлилчилар кутганидан юқори прогнозларга қарамай, бозорнинг ҳисоботга муносабати бир хил бўлмади. Nvidia акциялари асосий савдо сессияси ёпилганидан кейинги электрон савдоларда дастлаб бироз пасайди. Айрим молиявий нашрлар компания натижаларини жуда кучли деб баҳолаган бўлса-да, улар инвесторларни кутилган даражада руҳлантирмаганини қайд этди.
Кейинроқ Коллетт Кресс 108 миллиард долларлик даромад прогнозини эълон қилиб, AWS билан келишув ҳақида маълум қилганидан сўнг, компания акциялари ўсди. Sky News маълумотларига кўра, электрон савдоларда ўсиш 4 фоизгача етган.
ℹ️ Nvidia ҳозир ҳам бозор капитализацияси бўйича дунёдаги энг йирик оммавий компания бўлиб қолмоқда ва S&P 500 индексидаги улуши 7 фоиздан ортиқ. Шу сабабли унинг молиявий натижалари бутун жаҳон сунъий интеллект иқтисодиёти ҳолатининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.



