18 ёшли Қозоғистон терма жамоаси ҳужумчиси Дастан Сатпаев Англия чемпионатининг иккинчи кучли дивизиони — Чемпионшипда «Бёрнли» сафида дебют қилди.
Қозоғистонлик футболчи меҳмонда «Вест Бромвич Альбион»га қарши иккинчи тур учрашувининг 57-дақиқасида захирадан майдонга тушиб, Жош Лорентнинг ўрнига ўйнади. Бу вақтга келиб, «Бёрнли» 1:2 ҳисобида ортда бораётган эди. Учрашув мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Сатпаев жамоасига ёрдам бера олмади.
Қатор ОАВ Сатпаевни Чемпионшипда ўйнаган биринчи қозоғистонлик футболчи деб атади. Бироқ, аввалроқ ушбу турнирда Қозоғистонда туғилган Александр Меркель ҳам иштирок этганди. У ҳам мамлакат миллий терма жамоаси сафида ўйинларда қатнашган.
2013/14 йилги мавсумда Меркель «Уотфорд» сафида Чемпионшипда 11 та учрашув ўтказиб, бир гол урган. Унинг дебюти 2014 йил 11 январь куни «Ридинг»га қарши ўйинда бўлиб ўтганди. Ўшанда ярим ҳимоячи ёшлар даражасида Германия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган, Қозоғистон миллий терма жамоаси сафида эса илк бор 2015 йил сентябрь ойида майдонга тушган.
Сатпаев Алматининг «Қайрат» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2025 йилда «Челси» футболчи 18 ёшга тўлганидан сўнг уни ўз сафига қўшиб олиш бўйича келишувга эришди. 2026 йил ёзида қозоғистонлик футболчи Лондон клубига қўшилди ва шундан сўнг «Бёрнли»га ижарага берилди.



