«Челси» қозоғистонлик футболчи Сатпаевни «Бёрнли» клубига ижарага берди

Дастан Сатпаев. «Бёрнли» ФК фотосурати

Англиянинг «Челси» футбол клуби Қозоғистон терма жамоасининг 18 ёшли ҳужумчиси Дастан Сатпаевни «Бёрнли» клубига ижарага берди. Келишув 2026/27 йилги мавсум охирига қадар амал қилади.

Янги клубда қозоғистонлик футболчи 12-рақамда майдонга тушади. Ўтган мавсум якунига кўра Англия Премьер-лигасини тарк этган «Бёрнли» юқори дивизионга қайтишни мақсад қилган. Сатпаев келаси мавсумни Чемпионшипда ўтказади.

«Бу ерда эканимдан жуда хурсандман. Бу фаолиятим учун ажойиб имконият ва ўз имкониятларимни намойиш этишим, жамоага у бўлиши керак бўлган жойга қайтишида ёрдам беришим мумкин бўлган ажойиб клуб», — деди Сатпаев трансфердан сўнг.

«Челси» ва «Қайрат» клубларининг Сатпаев трансфери бўйича келишуви ҳақида 2025 йил февраль ойидаёқ маълум бўлганди. Ўша вақтда футболчи 16 ёшда эди, шунинг учун у Англия клубига фақат вояга етганидан сўнг қўшилиши мумкин эди. Маълумотларга кўра, трансфернинг кафолатланган суммаси 2,4 млн еврони ташкил этган ва бонусларни ҳисобга олганда 4,3 млн еврогача ошиши мумкин эди.

Англияга кўчиб ўтгунига қадар Сатпаев «Қайрат» сафида тўп тепишда давом этди. У Олмаота клуби билан бирга Қозоғистон чемпиони бўлди ва Чемпионлар лигасининг асосий босқичида иштирок этди. Турнирда ҳужумчи Мадриднинг «Реал»и ва «Интер»га қарши майдонга тушди, «Копенгаген»га қарши учрашувда эса гол урди.

2026 йил ёзида «Челси» бош мураббийи Хаби Алонсо Сатпаевни асосий жамоа машғулотларига жалб қилди ва уни Австралия ҳамда Осиёдаги мавсумолди сафарларига олиб кетди. Қозоғистонлик футболчи тўртта ўртоқлик учрашувида майдонга тушди. «Уэстерн Сидней Уондерерс»га қарши ўйинда у асосий таркибда майдонга чиқиб, лондонликлар сафидаги биринчи голини урди.

12 август куни Сатпаев 18 ёшга тўлганидан сўнг унинг «Челси»га трансфери расман якунланди. Қозоғистонлик футболчи Лондон клуби билан 2033 йилгача шартнома имзолади.

Сатпаев Қозоғистон миллий терма жамоасидаги дебютини 2025 йил март ойида, 16 ёшида ўтказди ва миллий жамоа тарихидаги энг ёш футболчига айланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ