Туркманистон президенти «Туркмангеология» давлат корпорацияси раҳбари ва Маданият вазирини алмаштирди

Сердар Бердимуҳамедов. hronikatm.com сайти фотосурати

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов навбатдаги кадрлар ўзгаришларини амалга ошириб, «Туркмангеология» давлат корпорацияси раҳбари, Маданият вазири ва бир қатор ҳудудлар раҳбарларини алмаштирди. Бу ўзгаришлар ҳақида 10 июль куни республика ҳукуматининг кенгайтирилган мажлисида маълум қилинди, деб хабар беради Turkmen.news.

Ишдан бўшатиш мамлакат учун устувор аҳамиятга эга бўлган нефть-газ соҳасига ҳам дахл қилди. Уч йил давомида ишлаб келган «Туркмангеология» раҳбари Гурбангелди Гарлиев ўз вазифасидан озод этилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу лавозим вазир мақомига тенглаштирилади. Амалдор «бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан» деган изоҳ билан лавозимидан бўшатилди.

Шунингдек, Президент давлат корпорациясига энди Бердимурат Аманов раҳбарлик қилишини маълум қилди. У бунга қадар «Туркмангаз» давлат концерни раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Маданият вазири Атагелди Шамиродов эса «иш фаолиятида йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун» лавозимидан озод этилди. Ушбу амалдор ҳукумат тизимида тўққиз йил ишлаган. Маълум бўлишича, у аввалги давлат раҳбари — Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан ҳам огоҳлантиришлар олган.

Бироқ, Президент қарори «янги камчиликлар» билан боғлиқми ёки Шамиродов аввалги фаолияти давомидаги барча ҳолатлар мажмуаси асосида лавозимидан четлатилдими — бу аниқ эмас. Энди вазирликка аввал вазир ўринбосари лавозимида ишлаган Гурбанмурат Мирадалиев раҳбарлик қилади. Унга олти ойлик синов муддати белгиланди.

Кадрлар ўзгаришлари ҳудудий амалдорларга ҳам тааллуқли бўлди. Мари вилояти раҳбари Довранберди Аннабердиев «бошқа ишга ўтказилди», унинг ўрнига Батир Оразғилдижов тайинланди. ОАВ ёзишича, вилоятнинг собиқ раҳбари бир йиллик фаолияти давомида электр таъминотидаги узилишлар, қишлоқ хўжалигидаги коррупция, ёқилғи танқислиги ва бошқа муҳим муаммоларни ҳал қила олмаган.

Бу ҳолатда ишдан бўшатиш нисбатан юмшоқ чора сифатида кўринади, чунки Аннабердиевдан олдин вилоят раҳбари бўлган шахс лавозимидан кетганидан сўнг судга берилган ва 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Бундан ташқари, Болқон вилоятига янги ҳоким тайинланди, бу лавозимни Ровшен Жумаев эгаллади. У Хўжамурод Оширмуродов ўрнига келди. Оширмуродов эса Лебап вилоятига раҳбар этиб тайинланган эди. Лебап вилояти ҳокими Дурди Генджиев ишдан бўшатилди. У бир вақтнинг ўзида вилоят раҳбари ва Давлат сув хўжалиги қўмитаси раиси лавозимларини эгаллаб келган. Эҳтимол, энди у фақат қўмита фаолиятига эътибор қаратади.

Ва ниҳоят, мамлакат президенти Nesil газетаси бош муҳаррири Артиқгули Хўжабердиевни иш фаолиятидаги жиддий камчиликлар учун лавозимидан озод қилди. Унинг ўрнига олти ойлик синов муддати билан Ҳаллигўзел Шаназарова тайинланди.

Ҳукумат мажлисида кичик Бердимуҳамедов нафақат давлат органларидаги кадрлар ўзгаришлари ҳақида маълум қилди. Президент, шунингдек, республика эришган бир қатор ютуқларни таъкидлади. Жумладан, унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида Туркманистон ялпи ички маҳсулоти 6,3 фоизга ўсишни қайд этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ