Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат Ғарб санкцияларини бузмоқда, деган гап-сўзларни асоссиз деб атади

vb.kg сайти фотосурати

Қирғизистон, жумладан, АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи томонидан жорий этилган санкцияларни бузмоқда, деган маълумотлар асоссиздир. Шу билан бирга, республика ҳамкорларига буни тасдиқловчи барча зарур далилларни тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда Марказий Осиё давлати Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев журналистлар билан учрашувда маълум қилди, деб хабар беради «Вечерний Бишкек».

Унинг қўшимча қилишича, икки хил мақсадда фойдаланилиши мумкин бўлган барча товарлар идоралараро ишчи гуруҳ томонидан синчковлик билан текширилади. Агар юк амалдаги талабларга мувофиқ бўлса, у республика ҳудудига киритилади, акс ҳолда товар мусодара қилинади ёки жўнатувчига қайтарилади.

Кулубаевнинг таъкидлашича, элчихоналар ходимлари ҳамкорларга санкция сиёсати билан боғлиқ масалаларни аниқ тушунтиришлари лозим. Хусусан, ташқи савдо тузилмасидаги ўзгаришларга оид жиҳатларни изоҳлаб бериш муҳим.

«Масалан, Европа томони нега у ёки бу мамлакат билан товар айирбошлаш ҳажми кескин ошганига қизиқиши мумкин. Бизнинг дипломатларимиз бу ўсиш Қирғизистондаги ички лойиҳаларни амалга ошириш учун ускуналар харид қилиниши билан боғлиқ эканини, санкция остидаги маҳсулотларни қайта экспорт қилиш билан эмаслигини аниқ тушунтиришлари керак», — деди вазир.

У мисол сифатида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини қуриш учун ускуналар хариди, шунингдек, Қамбарота ГЭС-1 қурилиш майдонидаги тайёргарлик ишлари учун олиб кирилган жиҳозларни келтирди. Ташқи ишлар вазири сўзларига кўра, республикага импорт қилинган барча маҳсулотлар фақат мамлакат ичида фойдаланилмоқда.

Кулубаевнинг таъкидлашича, Қирғизистон халқаро санкция режимларига қатъий риоя қилади.

Вазир дипломатик корпус импорт-экспорт битимлари бўйича тушунтириш ишларини янада кучайтириши зарурлигига ҳам эътибор қаратди.

Шунингдек, вазир янги йилдан кейин амалга жорий этиладиган янгилик ҳақида ҳам маълум қилди. Гап сайёр элчилар институтини жорий этиш ҳақида бормоқда. Бундай Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари доимий равишда Қирғизистонда фаолият юритади, бир вақтнинг ўзида мамлакатни муайян хорижий давлатда ҳам вакиллик қилади. Яъни амалдор хорижда доимий яшаш ўрнига, ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказиш, инвестиция лойиҳаларини илгари суриш ва ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун вақти-вақти билан хизмат сафарларига чиқади.

«Тўлақонли элчихона фаолиятини юритиш — бино, офис, дипломатлар учун турар жой, иш ҳақи, тиббий суғурта, транспорт ва бошқа харажатларни талаб қилади. Масалан, Қирғизистон Германияда тўлақонли дипломатик ваколатхонага эга. Шу билан бирга, ҳамкорлик ҳажми ҳозирча катта бўлмаган, аммо истиқболли ташаббуслар мавжуд бўлган давлатлар учун сайёр элчи форматида ишлаш таклиф этилмоқда. Хусусан, бундай механизм Исландияга нисбатан қўлланилиши мумкин», — деди Кулубаев.

Ташқи ишлар вазири фикрига кўра, бундай ёндашув нафақат бюджет харажатларини мақбуллаштириш, балки халқаро лойиҳаларни амалга оширишда дипломатларнинг Қирғизистондаги бошқа давлат идоралари вакиллари билан ҳамкорлигини янада самарали қилиш имконини беради.