Жорий йилнинг январь–март ойларида Қирғизистонда энг юқори ўртача иш ҳақи молиявий воситачилик ва суғурта соҳасида фаолият юритаётган ходимлар ҳиссасига тўғри келди. Ушбу соҳада ўртача ойлик иш ҳақи 92,1 минг сом (1053 АҚШ доллари)ни ташкил этди. Бу ҳақда Economist.kg нашри республика Миллий статистика қўмитаси ҳисоботига таяниб хабар берди.
Нашр таъкидлашича, шу тариқа молия сектори анъанавий равишда энг юқори маош тўланадиган соҳалардан бири ҳисобланган қазиб чиқариш саноатини ортда қолдирди. Ҳисобот даврида мазкур соҳа 90,5 минг сом (1035 АҚШ доллари)лик ўртача иш ҳақи билан иккинчи ўринни эгаллади.
Энг юқори ўртача иш ҳақи қайд этилган соҳалар қаторига қуйидагилар ҳам кирди:
✅ ахборот ва алоқа — 79,9 минг сом (914 АҚШ доллари);
✅ давлат бошқаруви — 68,7 минг сом (785 АҚШ доллари);
✅ қайта ишлаш саноати — қарийб 66,2 минг сом (757 АҚШ доллари);
✅ энергетика соҳаси — тахминан 64,3 минг сом (735 АҚШ доллари).
2026 йилнинг биринчи чорагида Миллий статистика қўмитаси таҳлилчилари ҳисоб-китобларига кўра, энг юқори иш ҳақи ўсиши қишлоқ, ўрмон хўжалиги ва балиқчилик соҳасида фаолият юритувчиларда кузатилди. Уларнинг маоши ўтган йилнинг дастлабки уч ойига нисбатан қарийб 35 фоизга ошган. Бироқ пул ифодасида ўртача иш ҳақи 37,7 минг сом (431 АҚШ доллари)га етган.
Мамлакатда энг юқори маош олувчи молия соҳаси ходимларининг иш ҳақи эса 28,8 фоизга кўпайган. Шунингдек, касбий, илмий ва техник фаолият билан шуғулланувчилар, кўчмас мулк соҳаси вакиллари, энергетика тармоғи ходимлари ҳамда қурувчиларнинг маошлари ҳам энг тез ўсган тоифалар қаторидан жой олган.
Иш ҳақининг ўсиш суръати бўйича энг паст кўрсаткич таълим соҳаси ходимларида қайд этилган — уларнинг маоши қарийб 6 фоизга ошиб, ўртача 27,4 минг сом (313 АҚШ доллари)ни ташкил қилган.
Бундан ташқари, бир соҳада ҳатто манфий натижа кузатилган. Ҳисобот даврида хизмат кўрсатиш фаолияти соҳасида банд бўлганларнинг иш ҳақи 2,9 фоизга қисқарган. Ушбу тоифа ходимларининг ўртача ойлиги 29,5 минг сом (337 АҚШ доллари)ни ташкил этган.
Таъкидланишича, Қирғизистон меҳнат бозори нафақат даромадларнинг умумий ўсиши, балки иқтисодиёт тармоқлари ўртасида етакчиликнинг ўзгариши ҳисобига ҳам шаклланмоқда. Шу билан бирга, турли соҳалар ўртасидаги иш ҳақи тафовути ҳали ҳам катта бўлиб қолмоқда. Масалан, молия соҳаси ходимларининг ўртача маоши санъат, кўнгилочар ва дам олиш соҳаси ходимлари ҳамда ўқитувчиларнинг иш ҳақидан уч баравардан ҳам кўпроқдир.



