Қозоғистонда гуманоид роботлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

t.me/atamekenbusiness фотосурати

Қозоғистонда гуманоид роботлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, деб хабар берди республика Фан ва олий таълим вазирлиги.

Лойиҳа халқаро технология компанияси AgiBot (Шанхай шаҳри) билан ҳамкорликда амалга оширилади. У Остонадаги Alem.ai мажмуасида бўлиб ўтган Qazbot Robotics Forum форумида тақдим этилди.

AgiBot гуманоид роботлар ва Embodied AI соҳасидаги ечимларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳамкорлик доирасида технологияларни Қозоғистонда маҳаллийлаштириш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш режалаштирилмоқда.

«Бизнинг вазифамиз тайёр технологик ечимларни жорий этиш билан чекланиб қолмасдан, Қозоғистонда ўз муҳандислик ва илмий салоҳиятимизни шакллантиришдан иборат. Гуманоид роботлар ишлаб чиқариш университетлар, олимлар ва саноатни ягона технологик занжирга бирлаштирувчи майдонга айланиши керак. Гап мутахассислар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлардан тортиб, технологик ечимларни ишлаб чиқиш ва уларни саноатда қўллашгача бўлган тўлиқ цикл ҳақида бормоқда», — деди Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек.

Лойиҳага, шунингдек, Назарбоев университетининг Ақлли тизимлар ва сунъий интеллект институти (ISSAI) ҳам қўшилди. Институт гуманоид робототехника соҳасида салоҳиятни ривожлантириш бўйича илмий ва тизимли интеграция ҳамкори сифатида иштирок этади.

Яқинда Atameken Business телеканали Остонада AgiBot билан ҳамкорликда QAZBOT мажмуаси қурилиши бошлангани ҳақида хабар берди. Мазкур мажмуа Қозоғистонда гуманоид роботлар ишлаб чиқариш ва сунъий интеллект соҳасида ечимлар ишлаб чиқиш бўйича биринчи майдонга айланиши керак. Лойиҳанинг биринчи босқичига инвестициялар тахминан 200 млн долларга баҳоланмоқда.

Мажмуа ҳудудида ўз R&D марказини ташкил этиш режалаштирилган. Бу ерда дастурий таъминот ва сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиш, робототехника тизимларини синовдан ўтказиш ва мослаштириш, шунингдек, муҳандис кадрларни тайёрлаш ишлари олиб борилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ