Қирғизистон Россиянинг бензин ва авиация керосини экспортига қўйган тақиқи ортидан беш мамлакатдан ёқилғи сўради

ТАСС фотосурати

Қирғизистон Россия томонидан бензин ва авиация керосини экспортига қўйилган тақиқ ортидан ёқилғи етказиб беришни барқарор таъминлаш мақсадида беш мамлакатга расмий мурожаат йўллади. Бу ҳақда республика Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳукумат ёқилғи импорти бўйича нафақат Россия, балки Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан ҳам музокаралар олиб бормоқда.

Қирғизистон деярли тўлиқ Россиядан келадиган ёқилғига қарам. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда бир йиллик ёнилғи-мойлаш материаллари (ЁММ) истеъмоли тахминан 1,6 миллион тоннани ташкил этади. Шунинг 90–95 фоизи Россиядан импорт қилинади, бензин бўйича эса Россиянинг улуши деярли 100 фоизга етади.

«Қирғиз Республикаси ёнилғи-мойлаш материалларининг асосий қисмини импорт қилади. Шу муносабат билан жаҳон энергетика бозоридаги ўзгаришлар, жумладан Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик, халқаро логистикадаги хавф-хатарлар ва нефть нархларининг ўсиши мамлакат ички бозорига, шунингдек, кўплаб бошқа давлатлар бозорларига ҳам таъсир кўрсатмоқда», — дейилади Энергетика вазирлиги баёнотида.

Вазирлик маълум қилишича, ҳозирги кунда республикада етарли миқдорда ёқилғи захиралари шакллантирилган ва етказиб беришлар аввал тузилган шартномаларга мувофиқ доимий асосда амалга оширилмоқда. Таъминотда танқислик юзага келмаслиги учун ҳукумат етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Шу билан бирга, ҳукумат ички имкониятларни кенгайтириш ишларини ҳам бошлаган. Хусусан, Чуй вилоятидаги «Жунда» нефть қайта ишлаш заводи раҳбариятига бензин ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш топширилган.

2026 йил 2 апрелдан Россияда бензин экспортига тўлиқ тақиқ жорий этилди, 30 майдан эса авиация керосинини экспорт қилишга эмбарго амал қилади. Расман бу чекловлар Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибига кирувчи Қирғизистонга ҳамда давлатлараро келишувлар асосида амалга ошириладиган етказиб беришларга татбиқ этилмайди. Бироқ 2025 йил октябридан бошлаб Россия ҳукумати бу турдаги етказиб беришларни квоталар орқали чеклай бошлаган. Ёқилғи бозори масалалари бўйича 28 июнь куни ўтказилган йиғилишда Россия президенти Владимир Путин йирик нефтни қайта ишлаш заводлари қувватлари максимал даражада ишлатилаётганини, ўрта ва кичик заводлар салоҳияти ҳам жалб этилганини, жорий таъмирлаш муддатлари қисқартирилгани, режалаштирилган таъмирлар эса кечиктирилганини маълум қилди.

Мавжуд ёқилғи захиралари Россиянинг ички бозорига йўналтирилмоқда. Шунга қарамай, мамлакат бўйлаб ёнилғи-мойлаш материаллари (ЁММ) танқислиги сезилмоқда. Reuters маълумотларига кўра, Москва ҳатто Қозоғистондан ёрдам сўраб, Аи-92 бензинидан тахминан 50 минг тонна импорт қилиш бўйича музокараларни бошлаган. Бироқ, Остона расмий сўров мавжудлигини рад этмоқда. Қозоғистон Энергетика вазирлиги Россияга бензин етказиб бериш масаласини фақат Россия ҳукуматидан расмий мурожаат келиб тушса, ўзаро манфаатли тижорат шартлари таъминланса ва бўш ҳажмлар мавжуд бўлса кўриб чиқишга тайёр эканини маълум қилди. Шу билан бирга, Қозоғистон учун ҳам ички бозор устувор йўналиш бўлиб қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ