Иордания миллий авиакомпанияси Аммон — Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйди

Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати фотосурати

Royal Jordanian авиакомпанияси Аммон — Тошкент — Аммон йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйди. Иордания миллий авиаташувчисининг илк самолёти 1 июль куни Ўзбекистон пойтахтига қўнди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports корхонаси ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Таъкидланишича, энди икки давлат пойтахтлари ўртасидаги авиақатновлар ҳафтасига икки марта — чоршанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.

Uzbekistan Airports маълумотига кўра, анъанага мувофиқ, мунтазам рейслар туркумидаги биринчи парвозни амалга оширган ҳаво кемаси Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида сув аркаси билан кутиб олинди, экипаж аъзоларига эса гуллар тақдим этилди.

«Биз Тошкент ва Аммон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилганидан мамнунмиз. Бу Ўзбекистон ва Марказий Осиё аҳолисини Иорданиянинг бетакрор диққатга сазовор жойларига — қадимий Петра шаҳри, Ўлик денгиз, Водий Рам саҳроси ҳамда бошқа ноёб масканларга янада яқинлаштиради. Янги йўналиш Иорданияга кириш туризмини ривожлантиришга қаратилган ExploRJordan дастурининг бир қисми ҳисобланади», — деди Royal Jordanian компаниясининг тижорат директори Карим Махлуф.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати эса тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши нафақат икки мамлакат ўртасида қулай сафар қилиш имкониятини яратиши, балки туризм, ишбилармонлик алоқалари ва маданий алмашинувни ривожлантириш учун қўшимча истиқболларни ҳам очишини таъкидлади.

Шунингдек, Иорданиядан келувчи йўловчилар ҳам Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига қулай етиб келиш имкониятига эга бўлди. Бу уларга нафақат Тошкент, балки республиканинг Самарқанд, Бухоро ва Хива каби машҳур сайёҳлик марказларини ҳам зиёрат қилиб, маҳаллий диққатга сазовор жойлар билан танишиш имконини беради.

Авиачипталарни сотувчи агрегаторлар маълумотларига кўра, келаси якшанба кунига режалаштирилган Тошкент — Аммон йўналиши бўйича бир томонлама авиачипта нархи 650 АҚШ долларидан бироз юқорини ташкил этади.

ℹ️ Royal Jordanian — Иорданиянинг миллий авиаташувчиси бўлиб, унинг асосий базаси Аммон шаҳридаги Қиролича Алия номидаги халқаро аэропортда жойлашган. Компания авиапарки замонавий Airbus, Boeing ва Embraer самолётларидан иборат бўлиб, улар орқали 40 дан ортиқ йўналишга парвозлар амалга оширилади. Хусусан, авиакомпания Яқин Шарқ, Европа, Осиё, Африка ва Шимолий Америка мамлакатларига мунтазам рейсларни бажаради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ