Қозоғистонда янги Конституция муносабати билан 16 минг маҳкум амнистияга тушди ва 1 миллионта жарима бекор қилинди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев республика янги Конституциясининг қабул қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисидаги қонунни имзолади. У 2026 йил 1 июлдан кучга киради. Бу ҳақда Zakon.kz хабар берди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу ҳужжат 16,5 мингдан ортиқ маҳкумга тааллуқли бўлади.

ИИВ мулозимларининг таъкидлашича, амнистия жамият учун хавф туғдирмайдиган, одамлар ҳаётига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва айрим жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Жиноят кодексида назарда тутилган қилмишлар нуқтаи назаридан қаралса, янги қонун биринчи навбатда зарар етказилмаган ёки етказилган зарар тўлиқ қопланган ўрта оғирликдаги жиноятларни содир этган фуқароларга татбиқ этилади. Шу билан бирга, кўплаб маҳкумлар учун жазонинг ўталмаган қисми муддатлари қисқартирилади.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 16,5 мингдан ортиқ одам янги ҳаёт бошлаш имкониятига эга бўлади. Улар орасида тахминан 2900 нафар аёл, жумладан ҳомиладор ва вояга етмаган фарзандларини тарбиялаётган аёллар ҳам бор”, — дея маълум қилди ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора.

Шу билан бирга, амнистия қонуни коррупция, терроризм, экстремизм, қийноқлар, жинсий дахлсизлик ва жинсий эркинликка қарши жиноятлар учун жазо ўтаётганларга енгилликларни назарда тутмайди.

Бу рўйхатга шунингдек уюшган жиноий гуруҳлар иштирокчилари, такроран жиноят содир этганлар, сиртдан судланган шахслар ҳамда умрбод озодликдан маҳрум этилганлар киради.

Вазирлик таъкидлашича, Қозоғистон мустақиллиги тарихида илк бор маъмурий амнистия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 260 дан ортиқ моддалари асосида солинган пул жарималаридан озод этишни назарда тутади.

Шу тариқа, Ички ишлар вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра,

ушбу қонун тахминан 1 миллионта жаримани бекор қилади ва умумий қиймати 17 миллиард тенгедан (тахминан 35,5 миллион АҚШ доллари) ортиқ бўлган тўлов мажбуриятларини бекор қилади.

“Амнистия энг оғир ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга татбиқ этилмайди. Жумладан, ноқонуний қурол айланмаси ва наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар, йўл ҳаракати қоидаларини бузиш (масалан, маст ҳолда транспорт бошқариш, қарши йўлакка чиқиш ва бошқа ҳолатлар) оқибатида ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилганлар, шунингдек такроран ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар бундан мустасно,” — дея тушунтиради Ички ишлар вазирлиги.

Вазирликнинг аниқлаштиришича, амалда жарималарни ҳисобдан чиқариш давлат ахборот тизимлари орқали автоматик тарзда амалга оширилади ва фуқароларнинг тегишли идораларга мурожаат қилиши талаб этилмайди.

Идора ходимлари хулосасига кўра, президент томонидан имзоланган амнистия қонуни инсонпарварлик, адолат ва энг хавфли ҳуқуқбузарликлар учун жазонинг муқаррарлиги тамойиллари ўртасида мувозанатни таъминлайди ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни устувор йўналиш сифатида сақлаб қолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ