Жаҳон банки директорлар кенгаши 2026 йил 2 июнь куни Тожикистон билан 2032 йилгача мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурини маъқуллади. Ушбу ҳажмдор ҳужжатда бир қарашда бир-бирига зид бўлиб кўринадиган икки ҳолат мужассам. Бир томондан, банк яна ўзининг энергетика соҳасидаги кун тартибининг марказига Роғун ГЭС лойиҳасини қўйди. Душанбе бу лойиҳани мамлакатнинг келажакдаги фаровонлиги рамзи сифатида тақдим этиб келади.
Бошқа томондан, шу ҳужжатнинг ўзида мамлакат иқтисодиёти меҳнат муҳожирлари юборадиган пул ўтказмаларига таяниши ва ташқи иқтисодий зарбаларга нисбатан ҳали ҳам заиф экани очиқ қайд этилган. Инсон капиталига устувор аҳамият бериш ҳақидаги баёнотлар билан қиймати тахминан 6,29 миллиард долларга тенг улкан бетон иншоот қурилишига амалий устуворлик берилиши ўртасидаги ушбу қарама-қаршилик собиқ совет иттифоқи ҳудудидаги энг камбағал республикалардан бири бўлган Тожикистонда кечаётган жараёнларни англашнинг муҳим калити ҳисобланади.
Роғунни оддий инфратузилма лойиҳасидан кўра кенгроқ маънода тушуниш учун унга ГЭС сифатида эмас, балки сиёсий институт сифатида қараш фойдалидир. Баландлиги 335 метр бўлиб, дунёдаги энг баланд тўғон унвонига даъвогар ҳисобланган Роғун ГЭСи аллақачон шунчаки энергия манбаи бўлишдан чиқиб кетган. Тожикистонни ўттиз йилдан ортиқ вақтдан бери бошқариб келаётган Эмомали Раҳмон ушбу иншоотни «аср қурилиши»га ва ўз сиёсий тузумининг моддий тимсолига айлантирди. Қурилиш майдонидаги портретлар ва Тожикистон ўз гидроэнергетик салоҳиятининг атиги 5 фоизидан фойдаланаётгани ҳақидаги баёнотлар шу сиёсатнинг бир қисми ҳисобланади.
Шахсга боғлиқ автократик тизимлар мантиғига кўра, бундай йирик лойиҳалар икки вазифани бажаради: бир томондан, модернизация образи орқали ҳокимиятнинг қонунийлигини мустаҳкамлайди, иккинчи томондан эса ресурсларни қайта тақсимлаш механизмига айланади. Муаммо шундаки, давлатда бу улкан мақсадни мустақил равишда молиялаштириш учун етарли маблағ мавжуд эмас.
Роғунни молиялаштириш тарихи — аввалги манбалар тугаб бориши билан харажатларни қопловчилар доираси изчил кенгайиб борганининг яққол намунасидир. Дастлаб, 2010 йилда молиявий юк мамлакат фуқаролари зиммасига юклатилди: одамлар амалда станция акцияларини сотиб олишга мажбур қилинди, кўп ҳолларда эса уларнинг қиймати бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақидан ушлаб қолинди. Бу усул, айниқса, минтақада аҳоли даромадлари энг паст даражалардан бири бўлган мамлакат шароитида жуда диққатга сазовор ҳолат сифатида баҳоланади.
Шундан кейин навбат ташқи кредиторларга етди. Бугун улар Роғун лойиҳаси молиялаштирилишининг ярмидан кўпини таъминлаб келмоқда ва институционал донорларга хос бўлган одатий талаблар — аудит, ҳисобдорлик ва мониторинг билан бирга келади. Айнан шу нуқтада Тожикистон модели стандарт инвестиция мантиғидан чекина бошлайди — ва бу чекиниш техник эмас, балки сиёсий-иқтисодий хусусиятга эга.
Бурилиш нуқтаси 2026 йил 22 январда парламент томонидан, Эмомали Раҳмон ташаббуси билан қабул қилинган қарор бўлди: давлатга Тожикистон Миллий банкининг захира фондини Роғун лойиҳасига йўналтиришга рухсат берилди — 916 миллион сомони, тахминан 100 миллион АҚШ доллари.
Иқтисодий нуқтаи назардан бу ўта юқори хавфли қадамдир. Марказий банкнинг захира фонди айнан валюта ва бюджетдаги шокларни юмшатиш учун мавжуд. Ташқи иқтисодий конъюнктурага кучли боғлиқ бўлган мамлакат учун бундай “ёстиқча” охирги ҳимоя чизиғи ҳисобланади.
Бу маблағларни бетонга йўналтириш орқали ҳукумат макроиқтисодий барқарорлик воситасини амалда рамзий иншоот қурилиши қуролига айлантирди. Шаффофлик эса ортиб кетмади: Baker Tilly томонидан Роғуннинг 2024 йилги ҳисоботлари бўйича аудит хулосаси изоҳли шаклда чиқди — аудиторлар ҳисоб-китобларнинг ишончлилигини тўлиқ тасдиқлай олмаган ва инвентаризацияга кириш имкониятига эга бўлмаган.
Параллел равишда қарз юки ҳам ортиб бормоқда ва бу борада Душанбе манёвр имконияти жуда чекланган. 2017 йилда чиқарилган 500 миллион долларлик илк еврооблигациялар, йиллик 7,125 фоиз ставка билан, 2027 йил сентябрида қайтарилиши керак. Уларни қайта молиялаштириш эса ноқулай иқтисодий шароитларда амалга оширилади. 2026 йил давлат бюджети лойиҳасида ташқи қарзнинг асосий қисмини қоплаш учун 548 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилган — бу мамлакат тарихидаги энг оғир молиявий тўловлардан бири ҳисобланади. Баъзи баҳолашларга кўра, давлат қарзини хизмат кўрсатиш харажатлари бюджет даромадларининг сезиларли қисмини ташкил этади. Жаҳон банки эса энди Роғун учун ажратиладиган кейинги маблағларни давлат қарзининг барқарорлиги бўйича аниқ режа билан боғламоқда. Бу рақамлар ортида жуда аниқ танлов турибди: тўғон қарзига йўналтирилган ҳар бир сомони мактаб ёки амбулаторияга сарфланиши мумкин бўлган маблағ ҳисобланади.
Нима учун бундай хавфли қарорлар жиддий қаршиликка учрамасдан қабул қилинишини тушуниш учун ҳокимият тузилмасига назар ташлаш керак. Тожикистон молиявий тизими узоқ йиллар давомида ҳукмрон оила доирасига чамбарчас боғланиб кетган ва амалда ушбу доирадан ташқаридаги субъектлар олдида ҳисобдор эмас.
Жамолиддин Нуралиев — президентнинг куёви — 2015–2022 йилларда Тожикистон Миллий банкига раҳбарлик қилган. Озода Раҳмон — президентнинг катта қизи — президент администрациясини бошқаради. Яна бир қизи Зарина Раҳмон эса мамлакатнинг энг йирик тижорат банкларидан бири бўлган Ориёнбанк раҳбарияти таркибида. Турли суриштирувларда мамлакатнинг асосий иқтисодий активлари ҳукмрон оила билан боғлиқ экани ҳақида маълумотлар келтирилган. Шу нуқтаи назардан қараганда, банк тизими устидан таъсирга эга бўлган сиёсий кланнинг ушбу ресурсларни Роғун лойиҳасига йўналтириши айрим таҳлилчилар томонидан тасодиф эмас, балки тизим мантиғининг табиий натижаси сифатида баҳоланади. Бу ёндашувга кўра, шаффофликнинг йўқлиги тасодифий муаммо эмас, балки мавжуд бошқарув моделининг ишлаш усули ҳисобланади.
Бу тизимнинг ташқи контури кредиторни унинг талабчанлик даражасига қараб танлаш тамойилига қурилган. Ғарб институтлари кўплаб саволлар беради: уларнинг аудитлари, қўшни давлатлар томонидан билдириладиган шикоятлар юзасидан текширувлар ва қарз барқарорлиги режаси бўйича талаблар режим учун муайян чекловлар яратади. Хитой эса бундай саволларни камроқ қўяди. Пекин Тожикистоннинг энг йирик кредиторига айланган — қайтарилмаган қарзлар ҳажми 700 миллион доллардан ортиқ, бу ташқи қарзнинг тахминан чорагини ташкил этади. 2025 йил охирига келиб мамлакатнинг умумий ташқи қарзи тахминан 3 миллиард доллар атрофида бўлган. Шу билан бирга, Хитой 2025 йил ўрталарига келиб 5,1 миллиард долларлик сармоялари билан энг йирик инвестор ҳам ҳисобланади.
Бу номутаносиблик рамзий маънога ҳам эга. “Озоди”га кўра, 2026 йил бошида Эмомали Раҳмонга тиббий даволаниш керак бўлганда, у Хитойни танлаган — айрим манбалар буни Марказий Осиёдаги қария давлат раҳбарларидан бири учун Хитойда даволанишнинг илк қайд этилган ҳолатларидан бири сифатида тилга олади. Таҳлилчиларга кўра, бундай боғлиқлик чуқурлашгани сайин ташқи сиёсий босим ўтказиш учун мавжуд имкониятлар ҳам қисқаради.
Бироқ бутун конструкция охир-оқибат битта асосий фаразга таянади — Роғун лойиҳаси келажакда етарлича иқтисодий самара келтиради ва унинг юкини қоплаш мумкин бўлади.
Охир-оқибат Роғунни бир оила номига боғланган тўғон сифатида ўқиш мумкин: у мерос қолдириш мақсадида қурилмоқда, умумий захиралар ва хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштирилмоқда, қарорлар эса тор доирадаги клан ичида қабул қилинади. Ушбу лойиҳа харажати икки томонга тақсимланади. Мамлакат ичида уни оддий тожик фуқаролари тўлайди — уларнинг захиралари таълим, соғлиқни сақлаш ва фанга инвестиция ўрнига сарфланди. Мамлакат ташқарисида эса дастурхон атрофига чақирилмаганлар — Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Амударё қуйи оқимидаги фермерлари — қурбон бўлади, чунки сув кам йилларда уларга янада камроқ сув етиб боради, айниқса ҳукуматлар сув омбори сатҳини яна кўтаришга тайёрланаётган бир пайтда.
Натижада бутун тизимнинг сиёсий-иқтисодий мантиғини жамлаган парадокс юзага келади: дунёдаги энг баланд тўғонни чет элда даволанадиган раҳбар, мамлакатда йўқ пуллар ҳисобидан, уни қарзи билан бирга қабул қилиб оладиган меросхўри учун қурмоқда.
-
01 Июнь01.06Голодомор энди йўқ, аммо «ёрқин келажак» борҚозоғистон Президенти қатағон қурбонлари ҳақида бирорта ҳам сўз ишлатмади -
26 Май26.05«Сув дипломатияси»нинг бадалиБМТ Эмомали Раҳмонга фахрий ёрлиқ топшираётган бир пайтда, Амударё саёзлашда давом этмоқда... -
04 Март04.03Дюранд чизиғидаги даҳшатли воқеаларПокистон ва Афғонистон ўртасидаги очиқчасига уруш глобал хавфсизликка таҳдид солиши мумкин -
01 Март01.03Оятуллоҳ Али Хоманаий ўлимиАҚШ ва Исроил оятуллоҳ ҳукуматини куч билан ағдариш ниятида Эронга ҳужум қилишди -
25 Февраль25.02Толиблар қуллик ва зулмга қонуний тус бердиларАфғонистоннинг янги жиноят-процессуал кодекси одамларни синфларга ажратади ва инсонни судсиз ўлдиришга изн беради -
11 Февраль11.02Инқилобдан айри бўлгунга қадарҚирғизистоннинг «парда ортидаги раҳбари» нима учун ишдан бўшатилгани ва бундан сўнг нималар содир бўлиши мумкинлиги ҳақида



