Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти матбуот хизмати хабар қилди. Грузия Бош вазири 29 июнь куни расмий ташриф билан Қозоғистонга келган эди.
Музокаралар чоғида Тўқаев Грузияни Қозоғистоннинг ишончли ва синовдан ўтган ҳамкори деб атади. Унинг таъкидлашича, стратегик шерикликнинг ўрнатилиши икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади ҳамда асосий йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча туртки беради.
«Савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик Қозоғистон–Грузия муносабатларининг асоси бўлиб қолмоқда. Жаҳондаги беқарор вазиятга қарамай, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш учун катта салоҳият мавжуд. Қозоғистон Грузия иқтисодиётига 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритган ва ҳозир ҳам ушбу мамлакатнинг энг йирик инвесторлари қаторидан ўрин олган. Давлатларимиз энергетика соҳасида самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Биз Боку – Тбилиси – Жайҳон нефть қувури орқали нефть ташиш ҳажмини ошириш ниятидамиз. Савдо ва иқтисодиёт бўйича Ҳукуматлараро комиссия доирасида фаол ишлар олиб борилмоқда. Бугунги учрашув келгусидаги янги устувор йўналишларни белгилашга хизмат қилади, деб умид қиламан», — дея Оқўрда нашри Тўқаев сўзларини келтиради.
Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе эса икки мамлакат ўртасидаги шериклик умумий қадриятларга асосланганини таъкидлади. «Айнан шунинг учун ҳам муносабатларимиз жуда катта салоҳиятга эга», — деди Кобахидзе.
2025 йил якунларига кўра, Қозоғистон Грузия товарлари учун Россияни ортда қолдириб, иккинчи энг йирик экспорт бозорига айланган.
Бу ҳақда Forbes Georgia миллий статистика хизмати маълумотларига таяниб хабар берди. Нашрнинг ёзишича, бир йил давомида Грузиянинг Қозоғистонга экспорти ҳажми 5,6 фоизга ўсиб, 910 миллион АҚШ долларига етган. Таққослаш учун, Россияга экспорт 10,3 фоизга ошиб, 749,3 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Экспортнинг асосий қисмини автомобилларнинг реэкспорти ташкил этади. Бир йил ичида Қозоғистонга Грузия орқали умумий қиймати тахминан 735 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 40 мингдан ортиқ автомобиль олиб кирилган.



