Ўзбекистон ва Туркманистон аёллар ўртасидаги футзал бўйича CAFA чемпионатида иштирок этмади

Футзалчи аёллар. CAFA фотосурати

Аёллар ўртасидаги футзал бўйича Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) чемпионатида иштирок этиши керак бўлган Ўзбекистон ва Туркманистон терма жамоалари 23–27 июнь кунлари Душанбе шаҳрида ўтаётган мусобақада қатнашмади. Бу ҳақда CAFA матбуот хизмати маълум қилди.

Ташкилот маълумотига кўра, Туркманистон терма жамоаси «кутилмаган ҳолатлар» сабабли турнирда иштирок эта олмайди. Баёнотда бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

«Фарғона» нашри маълумотига кўра, туркман жамоаси мусобақада қатнашишдан энг сўнгги паллада воз кечган. Шу вақтга келиб ташкилотчилар айрим харажатларни, жумладан авиачипталар сотиб олиш билан боғлиқ сарф-харажатларни амалга ошириб бўлган эди. Шу боис, кейинчалик Туркманистон томонидан молиявий компенсация масаласи кўтарилиши мумкин.

Қайд этилишича, туркман аёллар футзал терма жамоаси аввал ҳам 2022 ва 2023 йилларда ўтказилган дастлабки икки CAFA аёллар футзал чемпионати баҳсларида иштирок этмаган.

Ўзбекистон мазкур мусобақа тарихида биринчи марта иштирок этмаяпти. «Фарғона» нашри манбасига кўра, бунга футболчи қизларнинг катта футбол бўйича мамлакат чемпионатида иштирок этаётгани сабаб бўлган. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси мураббийлар штаби ўйинчиларни футзал жамоаси ихтиёрига қўйиб юбормаган. Очиқ манбаларда Ўзбекистон футбол ассоциацияси жамоанинг қатнашмагани сабабларига расмий изоҳ бермаган.

Ўзбекистон ва Туркманистон мусобақада иштирок этишдан воз кечганидан сўнг турнирда учта жамоа — Тожикистон, Қирғизистон ва Эрон қолган.

Афғонистон ҳам Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) аъзоси ҳисобланади. Бироқ толиблар ҳокимиятга қайтганидан сўнг мамлакат аёллар футзал чемпионатида бирор марта иштирок этмаган. 2021 йилдан бошлаб Афғонистонда ташкил этилган аёллар спорти амалда тўхтатилган: спортчи қизлар машғулотлар, спорт инфратузилмаси ва расмий мусобақалардан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлган.

Халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича уюшмалар бу ҳолатни толибларнинг аёлларни жамоат ҳаётидан четлаштиришга қаратилган сиёсати билан боғлайди. Аввалроқ эса Афғонистоннинг аёллар ва ёшлар жамоалари CAFA мусобақаларида қатнашган. Хусусан, 2020 йилда мамлакатнинг 19 ёшгача бўлган қизлар терма жамоаси CAFA U-19 қизлар ўртасидаги футзал чемпионатида иштирок этган.

Учрашувлар Dushanbe Indoor Hall спорт мажмуасида ўтказилмоқда. Чемпионатнинг очилиш ўйинида Қирғизистон ва Тожикистон терма жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. 25 июнь куни Эрон — Қирғизистон, 27 июнь куни эса Тожикистон — Эрон учрашувлари бўлиб ўтади. Турнир ғолиби айланма тизим натижаларига кўра аниқланади.

Мусобақанинг амалдаги чемпиони — Эрон аёллар футзал терма жамоаси ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ