Афғонистон ҳукуматидан норози бўлган толиблар қўмондони Бадахшон ўлкасида қўзғолон кўтариши мумкинлигидан огоҳлантирди

Жумахон Фотеҳ. 8am.media сайти фотосурати

Толиблар қўмондони, Афғонистон шимоли-шарқидаги аҳоли орасида катта обрўга эга бўлган Жумахон Фотеҳ радикал ҳаракат раҳбариятига Бадахшон вилоятида халқ қўзғолонини уюштириши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Томонлар ўртасидаги музокаралар натижа бермагани сабабли вазият қуролли тўқнашувларгача етиб бориши мумкин, деб хабар беради Amu.tv нашри мамлакатдаги ўз манбаларига таяниб.

Норози қўмондон билан Афғонистон ҳукумати ўртасидаги можаро янада кескинлашди. Бунга сабаб, Фотеҳ жорий йилда тайинланган Забул вилояти губернаторининг ўринбосари лавозимидан ҳеч қандай изоҳ берилмасдан озод этилганидир.

Истеъфо ҳақидаги қарорни 22 июнь, душанба куни “Толибон”нинг расмий вакили Забиҳулло Мужоҳид эълон қилди. Унинг маълум қилишича, ҳаракат раҳбари Ҳайбатулло Охундзода лавозимдан олинган амалдор ўрнига аллақачон бошқа номзодни тайинлаган. Шунингдек, Фотеҳ янги иш жойига ўтказилмасдан лавозимидан бўшатилган.

Манбаларнинг аниқлаштиришича, Фотеҳ сўнгги бир неча ҳафта давомида “Толибон” раҳбарияти билан кескин музокаралар олиб борган. Низо олтин қазиб олиш корхоналари жойлашган, табиий бойликларга бой Бадахшон вилояти атрофига бориб тақалади.

Гап шундаки, олтин қазиб олиш Афғонистон ҳукумати учун тобора муҳим даромад манбаига айланмоқда. Ҳукумат ушбу соҳани қаттиқроқ назорат қилишга интилмоқда, бу эса маҳаллий қўмондонлар билан конларга кириш ҳуқуқи ва табиий ресурслардан олинадиган даромадларни тақсимлаш масалаларида зиддиятларни келтириб чиқармоқда.

Шу сабабли, масалан, Бадахшонда бир неча бор толибларга қарши намойишлар юз берган. Уларда нуфузли қуролли гуруҳ етакчилари таъсиридаги маҳаллий аҳоли солиқ сиёсати ва шу каби масалалар бўйича ўз норозилигини билдирган.

Фотеҳ бошқа ҳудудга ўтказилганига қарамай, Тожикистон билан чегарадош Бадахшон вилоятида сезиларли таъсир кучини сақлаб қолган. Айниқса, Дарвоз туманида уни «бош қўмондон» деб аташади.

Минтақада қуролли қаршилик юзага келишидан хавотирланган толиблар бир неча босқичли музокаралар ўтказган. Ҳукумат Фотеҳ билан учрашувга турли вакилларни, жумладан қўшни вилоятлар раҳбарлари ҳамда Афғонистон армияси бош штаби раҳбарини ҳам юборган.

Бироқ, вазиятдан хабардор манбаларнинг таъкидлашича, музокаралар тўлиқ муваффақиятсизликка учраган.

Айнан шу ҳолат “Толибон” раҳбариятини норози қўмондон Фотеҳ ўрнига бошқа номзод излашга мажбур қилган.

Бироқ, Фотеҳ таслим бўлиш ниятида эмас ва вилоятда кенг кўламли қўзғолон кўтариш билан таҳдид қилган. Қўмондоннинг сўзларига кўра, Бадахшонда унинг қўли остида толиблар армиясига қарши тура оладиган 10 мингга яқин жангарилар бор.

Замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази эксперти Андрей Серенконинг ёзишича, Қобул Бадахшон етакчиси баёнотларига жавоб қа минтақага қўшимча ҳарбий кучларни юбора бошлаган.

Шу билан бирга, Фотеҳни “Толибон”га қарши бошқа қуролли гуруҳлар ҳам қўллаб-қувватлаши эҳтимоли бор. Экспертнинг таъкидлашича, агар шундай бўлса, толиблар 2021 йилда ҳокимиятни қўлга олганидан бери биринчи марта бутун бир вилоят устидан назоратни йўқотиш хавфига дуч келиши мумкин.

*“Толибон” ҳаракати кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ