Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси раҳбари, боксчи Геннадий Головкин расман Халқаро бокс шон-шуҳрати залига киритилди.
Маросим Нью-Йорк штати, Канастота шаҳрида IBHOFнинг анъанавий уик-энди давомида бўлиб ўтди. 2026 йили Антонио Тарвер ва Найжел Бенн ҳам Головкин қаторидан жой олишди.
Головкин Халқаро бокс шон-шуҳрати залига киритилган қозоғистонлик биринчи вакил бўлди. У биринчи уринишдаёқ, киритилиш ҳуқуқини олган илк йилнинг ўзидаёқ залга киритилди.
Халқаро бокс шон-шуҳрати зали Канастотада жойлашган бўлиб, жаҳон бокс тарихини асраб келаётган асосий институтлардан бири ҳисобланади. Турли йилларда у ерга Муҳаммед Али, Майк Тайсон, Шугар Рэй Леонард, Оскар Де Ла Хойя, Бернард Хопкинс, Флойд Мэйвезер ва бошқа афсона боксчилар киритилган.
Гкеннадий Головкин (45 жанг, 42 ғалаба, 1 дуранг, 2 мағлубият, 37 нокаут) — IBF, IBO, WBA, WBC ва The Ring (2018) версиялари бўйича жаҳон чемпиони бўлган. 2004 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медал совриндори, жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори. Узоқ вақт давомида у Қозоғистоннинг жаҳон спортидаги энг машҳур вакили ҳисобланган. Ҳозирги кунда Қозоғистон спортининг етакчи юлдузи сифатида теннисчи Елена Рибакина эътироф этилади.
Фаолиятини якунлаганидан сўнг, Головкин спорт-маъмурий фаолиятга ўтди. У Қозоғистон Миллий олимпия қўмитасини бошқаради ва халқаро боксдаги энг муҳим шахслардан бири ҳисобланади.



