Эрон Нобел мукофоти совриндори Наргес Муҳаммадини яна етти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди

Наргес Муҳаммади. NurPhoto via Getty Images фотосурати

Эронлик инсон ҳуқуқлари фаоли, тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Наргес Муҳаммади янги 7,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

53 ёшли Муҳаммади 12 декабрь куни Эрон шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида дафн маросимида калтакланиб, ҳибсга олинган. Прокурор Ҳасан Ҳематифар ўшанда журналистларга Муҳаммади провокацион сўзларни айтганини ва йиғилганларни «меъёрларни бузувчи шиорлар» ва «жамоат тартибини бузувчи» шиорлар айтишга ундаганини айтган.

Муҳаммади Машҳаддаги тергов изоляторида сақланмоқда. У ўзига ва бошқа маҳбусларга тиббий ёрдам кўрсатилиши тақиқлангани, шунингдек, мажбурий ҳижобда бўлиш қоидасига норозилик сифатида 2-8 февраль кунлари очлик эълон қилган. Фаол ўзининг адвокати Мостафа Нилига телефон орқали 7 февраль куни чиқарилган янги ҳукм ҳақида маълум қилган.

Ҳукм йиғилишларда қатнашиш ва миллий хавфсизликка қарши фитна уюштирганлик учун олти йил ва ҳукуматга қарши ташвиқот учун бир ярим йил қамоқ жазосини ўз ичига олади. Ҳуқуқ ҳимоячиси жазо муддати тугагач, икки йил муддатга Хусф шаҳрига сургунга жўнатилади.

ℹ️ 1972 йили туғилган ва маълумоти физик бўлган Наргес Моҳаммади ўз фаолиятини журналист ва сиёсий ёзувчи сифатида бошлаган. У 2012 йилдан бери Францияда сургунда яшаб келаётган таниқли фаол Таги Раҳмонийга турмушга чиққан, эр-хотиннинг икки фарзанди бор.

Эрон расмийлари илгари инсон ҳуқуқлари фаолини 13 марта ҳибсга олган ва жами 31 йилга озодликдан маҳрум қилиш ва 154 марта дарра уриш жазосига ҳукм қилган. 2024 йил август ойида Муҳаммади қамоқхоналарда мунтазам жинсий тегажоқлик бўлаётганига оид аризаси учун қўшимча бир йилга озодликдан маҳрум қилинган, Теҳрон аёл шикоятини ёлғон деб атаган.

2024 йил декабрь ойида инсон ҳуқуқлари фаоли ноябрь ойида ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг тиббий сабабларга кўра Эвин қамоқхонасидан вақтинча озод қилинган. Озод қилинганидан бери у мунтазам равишда таъқиб ва ​​таҳдидларга дучор бўлиб келган. 2025 йил июль ойида Ахборот вазирлиги унинг адвокатларини матбуотга интервью бериш, инсон ҳуқуқлари гуруҳларини сафарбар қилиш ёки инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ман этилиши борасида огоҳлантирган.

Муҳаммади Эронда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ўлим жазосини бекор қилиш кампанияси учун 2023 йили тинчлик бўйича Нобел мукофотини олган. Бу пайт у қамоқда бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ