Трамп хориждаги дата-марказларга қарши чиқди: Экибастуздаги «МҚИМ водийси» хавф остида

Дональд Трамп shutterstock.com сайтидан олинган сурат

АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат ташқарисида маълумотларни қайта ишлаш марказлари (МҚИМ) қураётган Америка технология компанияларини катта жарималар билан огоҳлантирди, деб ёзади The Guardian. Унинг сўзларига кўра, Америка компанияларининг дата-марказлари АҚШ ҳудудида қолиши шарт.

«Биз маълумотларни қайта ишлаш марказларини бошқа мамлакатларда жойлаштиришга йўл қўймаймиз, чунки Хитой уларнинг барини эгаллаб олади, биз эса бунга йўл бермаймиз. Бунга уринган компанияларга эса улкан жарималар соламиз», — деди Трамп Оқ уйда журналистларга.

Шу билан бирга, АҚШ президенти гап қандай жарималар ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади ва бу режани ҳали ўз ходимлари билан ҳам муҳокама қилмаганини тан олди.

Трамп, шунингдек, маҳаллий ҳамжамиятларни дата-марказлар қурилишига тўсқинлик қилмасликка, балки ишлаб чиқувчилардан молиявий имтиёзлар ва инфратузилмага инвестициялар киритишни талаб қилишга чақирди.

«Сиз маълумотлар марказларининг афзалликларидан фойдаланишингиз керак. Уларни сизга пул тўлашга, ҳамжамиятингизга маблағ ажратишга мажбур қилинг, аммо уларни ёпманг. Биз уларнинг шу ерда қуришини истаймиз», — деди президент.

Трампнинг бу баёнотлари америкаликларнинг аҳоли яшаш ҳудудлари яқинида дата-марказлар барпо этилишидан норозилиги ортиб бораётган бир пайтда янгради. Бунга жавобан технология компаниялари давлат субсидияларига қарамликни камайтиришга, лойиҳаларнинг шаффофлигини оширишга ва маҳаллий аҳолига қўшимча тўловлар тўлашга ваъда бера бошлади.

Ҳисоблаш инфратузилмасини хорижда жойлаштириш масаласи, шунингдек, АҚШ ва Хитойнинг сунъий интеллект соҳасидаги рақобати билан ҳам боғлиқ. Ўтган ҳафтада Трамп маъмурияти АҚШнинг илғор ҳисоблаш чиплари ва серверларига масофадан киришга янги чекловлар киритди. Оқ уй бу чорани Хитойнинг ўз СИ моделларини ўқитиш учун Америка технологияларидан фойдаланишига тўсқинлик қилиш зарурлиги билан изоҳлади.

Трампнинг хорижда дата-марказлар қураётган АҚШ компаниялари учун жарималар тўғрисидаги баёноти Американинг Firebird компанияси иштирок этаётган Қозоғистоннинг Экибастуз шаҳридаги Data Center Valley лойиҳаси учун қўшимча хавф-хатарлар туғдириши мумкин.

2026 йил июнь ойида Қозоғистон ҳукумати, Firebird ва NVIDIA Data Center Valley («МҚИМ водийси» — лойиҳа доирасида Евроосиёдаги СИ учун энг йирик ҳисоблаш кластерларидан бирини ташкил этиш режалаштирилган)ни ривожлантириш бўйича келишувларни эълон қилган эди. Лойиҳага киритилиши кўзда тутилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 10 миллиард долларга етади. Ташаббус қарийб 100 мингта замонавий график процессор (GPU)га эга ҳисоблаш кластерини яратишни назарда тутади.

Октябрь ойида Firebird лойиҳанинг биринчи босқичи учун 45 мингта NVIDIA Grace Blackwell график процессорларини етказиб бериш бўйича АҚШнинг экспорт лицензиясини олганини маълум қилди.

Қурилиш ишлари аллақачон бошланган, деб ёзади Exclusive.kz, тижорий фойдаланишга топшириш эса 2027 йилнинг учинчи чорагига мўлжалланган. Ҳозирча на Firebird, на NVIDIA ва на Қозоғистон ҳукумати ушбу лойиҳа бўйича режалар қайта кўриб чиқилиши ҳақида эълон қилмади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ