Остонанинг «Женис» футбол клуби Қозоғистон терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Александр Меркель билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати Instagramда (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) маълум қилди.
«Александр Меркел 2015 йилдан бери Қозоғистон терма жамоасида ўйнаб, халқаро мусобақаларда ўз мамлакатини ҳимоя қилиб келади. Унинг майдон ҳақидаги тасаввури, жисмоний кучи ва стандарт зарбаларни бажаришдаги ажойиб маҳорати, шубҳасиз, «Женис»нинг ўйин услубига янги туртки беради», — дейилади хабарда.
33 ёшли ярим ҳимоячи клубда легионер сифатида рўйхатдан ўтказилади, чунки Лиганинг янги қоидаларига кўра, фақат миллий жамоада ўйнаш ҳуқуқига эга бўлган ўйинчиларгина маҳаллий ўйинчилар ҳисобланади. Александр ҳозирда Германия фуқаролигидан воз кечмагани учун ҳуқуққа эга эмас ва Қозоғистон қонунлари фуқароларга иккинчи паспортга эга бўлишни тақиқлайди.
Илгари, худди шу сабабга кўра, Қозоғистон миллий хоккей жамоаси бир қатор фуқароликка қабул қилинган ўйинчиларини, жумладан, Канада, Швеция ва Россиядан келган ўйинчиларни йўқотган эди. Бундан ташқари, айрим қозоғистонлик хоккейчилар Россия паспортини сақлаб қолишни маъқул қўришган.
Александр Меркель – Олмаотада туғилган, Германиянинг «Штутгарт» ва Италиянинг «Милан» академиясида тарбия топган. У «Милан» билан Италия чемпионлигини қўлга киритган. У Италиянинг «Удинезе» ва «Пиза», Англиянинг «Уотфорд», Швейцариянинг «Грассхоппер», Германиянинг «Бохум» ва Австриянинг «Адмира» клубларида ўйнаган. 2018 йилдан 2020 йилгача у Нидерландиянинг «Хераклес» жамоасида ўйнаган. Кейинчалик у Туркия, Саудия Арабистони, Эрон ва БАА клубларида ўйнаган. Меркель Германиянинг турли ёшдаги ёшлар терма жамоаларида ўйнаган. 2015 йили у Қозоғистон терма жамоасида ўйнашга қарор қилади ва у ерда учта ўйин ўтказади. У охирги марта миллий терма жамоа формасини 2019 йилда кийган эди.



