Олмаота вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида етти киши, жумладан, Қозоғистон сурдолимпия (карлар олимпияси-тарж.изоҳи) фахрийлари жамоасининг беш нафар аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Миллий сурдолимпия қўмитаси вице-президенти Арсен Шакуов ўзининг Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида маълум қилди.
Фожиа 2 декабрь кечаси Олмаота-Бишкек автомагистралида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, спортчиларни олиб кетаётган Honda Odissey микроавтобуси ҳайдовчиси олдинда кетаётган HOWO юк машинасининг тиркамаси билан тўқнашган. Натижада, микроавтобусдаги етти киши, жумладан, ҳайдовчи олган жароҳатларидан вафот этган.
Ҳалок бўлганлар орасида:
Асил Ибраимов — кар спортчилар футболи мураббийи;
Дмитрий Мочальский — шахмат бўйича Европа карлар олимпиадаси чемпиони ва шахмат бўйича Сурдолимпия ўйинлари ғолиби;
Сакен Смагулов — Қозоғистон карлар футбол жамоаси фахрийси;
Сергей Волковинский — карлар миллий терма жамоаси фахрийси ва ўйинчиси;
Серик Молдашев — Қозоғистон карлар футбол жамоаси фахрийси.
«Барчасининг фарзандлари ва набиралари бор эди... Мен уларни болаликдан шахсан биламан, отамнинг барча энг яқин дўстлари эди... Оҳиратлари обод бўлсин!!!», — деб ёзади Шакуов.
«Фарғона» таҳририяти марҳумларнинг оила аъзолари ва дўстларига чуқур ҳамдардлик билдиради.



