Қозоғистондаги ўйиндан сўнг 19 ёшли футболчи вафот этди

Диас Толеу. Клубнинг расмий сайти фотосурати

16 октябрь куни Қозоғистон чемпионатининг Биринчи лига (иккинчи кучли дивизион) 25-тури доирасидаги ўйиндан сўнг Олмаотанинг «Хан-Тенгри» клубининг 19 ёшли ҳужумчиси Диас Толеу вафот этди. Бу ҳақда Қозоғистон футбол федерацияси расмий сайти хабар берди.

Фожиа Олмаотада «Экибастуз»га қарши кечган ва мезбонлар фойдасига 4:0 ҳисобида якунланган ўйин вақтида юз берди. 62-дақиқада футболчи ўзини ёмон ҳис қилган ва майдонда ўтирган ва жамоадошидан оёқларини уқалаб қўйишини сўраган. Тез орада унинг аҳволи ёмонлашган, майдонда ётиб қолган, сўнг уни замбилда олиб кетишдан. Кейинроқ Толеу вафот этгани тасдиқланган. Ўлим сабаблари маълум қилинмаган.

Қозоғистон футбол федерацияси текширув ўтказишини маълум қилди.

«Бош котиб Девид Лория ва Профессионал клублар ўртасидаги мусобақалар бўйича дирекция раҳбари Бахитжан Пазилхаир зудлик билан воқеанинг барча ҳолатларига ойдинлик киритиш учун Олмаотага учиб кетишди» — дейилади хабарда.

Толеу Қозоғистонда сўнгги бир ой ичида вафот этган учинчи футболчи бўлди. Аввалроқ, 23 сентябрь куни 19 ёшли «Женис» футболчиси Виктория Кайсаринова автоҳалокатда, 12 октябрь куни эса «Актўбе»нинг 16 ёшли футболчиси Арон Муса ис газидан заҳарланиб вафот этганди.

Олмаотадаги «Қайрат» ёшлар академиясида тарбия олган Диас Толеу 2024/2025 йилги мавсумда «Хан-Тенгри»га эркин агент сифатида келиб қўшилган. У жорий мавсумда 25 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урган ва 4 та голли узатмани амалга оширган.