Қозоғистонда 16 ёшли Шерзат Болатнинг ўлдирилишига оид шов-шувли иш бўйича ҳукм чиқарилди

Шерзат Болат. baimedia.kz сайти фотосурати

Талдиқўрғонда (Қозоғистон жануби-шарқидаги шаҳар) республикада кенг резонансга сабаб бўлган 16 ёшли Шерзат Болат (Пўлат) ўлдирилиши бўйича суд ҳукми эълон қилинди, деб ёзади InformBYuRO.kz.

Ишдаги асосий айбланувчи, Шерзатга пичоқ билан қаттиқ зарба берган Абзал Шинасил 23 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд уни алоҳида шафқатсизларча безориликда, безорилик мақсадида вояга етмаган болани ўлдиришда, икки кишини ўлдиришга суиқасд қилишда айбдор деб топди.

Унинг шериги Равиль Сакиев ҳам безорилик ва бир гуруҳ шахслар томонидан икки кишини ўлдиришга суиқасд қилишда айбдор деб топилди. Суд уни 20 йилга озодликдан маҳрум қилди. Безори ҳаракатларнинг яна бир иштирокчиси, жабрланувчининг телефонини ўғирлаган Азамат Тўхтаубаев 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шингис Белгожаев, Дархан Аскентай, Нурбол Тўктаубаев ва Дидар Калиаҳметнинг ҳар бири 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Улар пичоқ ва ҳаёт ва соғлиқ учун хавф туғдирувчи бошқа предметларни қўллаган ҳолда гуруҳли безориликда айбдор деб топилди. Нурқиёс Илёсов безориликда айбдор деб топилди. Унинг муқаддам судланганлиги инобатга олиниб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Ягона вояга этмаган айбланувчи Думан Исхоқ «жиноят ҳақида хабар бермаслик»да айбланиб, бир йилу олти ойга озодликдан маҳрум этилди.

Этказилган маънавий зарарни қоплаш учун Шинасилдан 60 миллион тенге (117 минг доллар), Сакиевдан 30 миллион тенге (59 минг доллар), бошқа маҳкумлар ва Сакиевдан биргаликда 30 миллион тенге (59 минг доллар) ундирилиши керак. Бундан ташқари, суд томонидан хусусий ажрим чиқарилди. Унга кўра, иш бўйича қуйидаги гувоҳлар: Д. Жаксигелди, Э. Нурбекова, А. Казакенов, Ю. Рузбакиев (аввал жабрланувчилар гувоҳ мақомига эга бўлган икки қиз нафақат жиноят содир этилган жойда бўлган, балки ҳужумда ҳам иштирок этганини таъкидлаган эди) ҳаракатларида жиноят аломатлари борлиги бўйича прокурор эътиборини тортган.

16 ёшли Шерзат Болат 4 октябрга ўтар кечаси оиласига қарашли озиқ-овқат дўкони ёнида ўлдирилган эди. Қариндошларининг сўзларига кўра, жанжал бир банка пиво учун бошланган, харидорлардан бири пул тўлашдан бош тортган. Шерзат ва унинг амакиси ўша кечаси дўкон пештахтаси ортида турган ўсмирнинг отаси Қаржаубай Нуримовни ҳимоя қилишган. Мижоз дўстларини дўконга чақирган, улар ўсмир ва унинг амакисини калтаклашган, Шерзат пичоқ зарбасидан ҳалок бўлган.

12 октябрь, шанбага ўтар кечаси номаълум шахслар Шерзат оиласининг уйига ўт қўйишган, натижада уй ёниб кетган. Ҳеч ким жабрланмаган. Марҳумнинг қариндошлари ҳимояга олинган, Миллий гвардия ходимлари Талгарда патруллик қила бошлаган.

Ўсмир ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган жами 11 нафар шахс қўлга олинган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, жиноятга Ички ишлар вазирлиги томонидан инкор этиб келинган «Хуторские» уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ҳам алоқадор бўлиши мумкин.

Қотилликдан икки ой ўтиб, Шерзат амакисининг жасади Талгар чеккасидан топилган. Тергов маълумотларига кўра, у ўз жонига қасд қилган. Унинг дафн маросимида марҳум ўсмирнинг отаси Каржаубай Нуримов ҳибсга олиниб, 15 суткага қамалган. Ўшанда полиция у ўзини тажовузкор тутганини ва бошқаларга таҳдид қилганини маълум қилган. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, дафн маросими пайтида эркак юк машинасига чиқиб олиб, журналистлар билан учрашишни талаб қилган.

Мазкур шов-шувли жиноят иши шаҳар ҳокимлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан бир неча мулозимнинг ишдан кетишига сабаб бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ