Жаҳон банки Афғонистон Молия вазирлиги билан толиблар* ҳукуматидаги музокаралардан сўнг Кобулдаги ваколатхонасини қайта очди. Бу ҳақда Tolonews хабар берди. ЖБ сайтида бу воқеа ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.
Tolonews, хабарига кўра, Жаҳон банки Афғонистон логистика ва қурилиш компанияларига қарийб 50 миллион долларлик қарзни тўлашни бошлаганини маълум қилган. Тўловлар Молия вазирлиги орқали тўрт босқичда амалга оширилади. Биринчи транш 10,8 миллион долларни ташкил этади, қолган 39,1 миллион доллар эса кейинги уч босқичда ўтказилади.
Жаҳон банкининг бу қадамлари Афғонистонда тўхтаб қолган тараққиёт лойиҳаларини жонлантириши, янги иш ўринларини яратиши ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлашига умид қилинмоқда.
Иқтисодий таҳлилчи Мир Шакиб Мир таъкидлашича, «республика даврида фаолият юритган, лекин тўловларини олмаган компанияларга қарзларнинг қайтарилиши жуда ижобий сигналдир. Бу халқаро донорлар ишончини тиклашга ёрдам беради». Экспертлар фикрича, толиблар Афғонистонда иқтисодий барқарорлик ва тараққиётни қўллаб-қувватлаш учун халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни тиклаш учун барча имкониятлардан фойдаланиши керак.
ℹ️ Толиблар ҳокимиятни қўлга киритгач, Жаҳон банки Афғонистонга ёрдам дастурини тўхтатган эди. 2020 йилдан бери банк дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларини қўллаб-қувватловчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) орқали мамлакатдаги реконструкция ва ривожланиш лойиҳаларига қарийб 5,3 миллиард доллар йўналтирган. 2021 йил апрель ҳолатига кўра, Афғонистонда умумий қиймати 940 миллион долларга тенг 12 та фаол IDA лойиҳаси мавжуд. Бундан ташқари, Жаҳон банкининг махсус жамғармаси ҳисобланган Афғонистонни қайта тиклаш траст фонди томонидан қиймати 1,2 миллиард долларлик 15 та лойиҳа амалга оширилаётган эди. Банкнинг ўзи Афғонистон ҳукумати ташкилотга аъзо 189 та давлат томонидан қонуний деб тан олинмаса, унга маблағ ажрата олмаслигини таъкидлаганди.
2025 йил апрель ойида Жаҳон банки Афғонистон иқтисодиёти аста-секин тикланаётганини таъкидлади, бироқ молиявий муаммолар, савдо тақчиллиги ва доимий қашшоқлик туфайли истиқбол ноаниқлигича қолмоқда. 2024 йили мамлакат ялпи ички маҳсулоти асосан қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати ва қурилиш ҳисобига 2,5 фоизга ўсган. Бироқ, аҳоли жон бошига даромадлар ўсмаяпти, ишсизлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги, айниқса, ёшлар ва аёллар ўртасида ўткир муаммолар бўлиб қолмоқда.
Импортнинг ўсиши савдо камомадини кенгайтирди, ташқи ёрдамнинг пасайиши эса иқтисодиёт заифлигини оширди. Банк сектори заифлигича қолмоқда ва ички даромадлар йўқотишларни қоплаш учун этарли эмас. Жаҳон банки Афғонистонда узоқ муддатли барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш учун зудлик билан ислоҳотлар ўтказиш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва бандликни ошириш, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш зарурлигини таъкидлайди.
*20 май ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.