Қирғизистон президенти Кенесарихон мавзуси атрофидаги провокацияларга берилмасликка чақирди

Видеодан сриншот

Қирғизистон президенти Садир Жапаров қозоқ хони Кенесари ҳақидаги видео юзасидан мурожаат қилиб, қирғиз ва қозоқ халқларини адоват қўзғашга қаратилган провокацияларга берилмасликка чақирди.

Жапаров Facebookдаги (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) постида қирғизлар ва қозоқларнинг тарихий яқинлигини таъкидлаб, уларни чуқур оилавий ва маданий ришталар боғлаганини эслатиб ўтди. Президент икки халқ тарихида оғир дамлар бўлганини, жумладан, 19 асрнинг фожиали воқеалари Кенесарихоннинг қирғиз ерларига юриши ва унинг вафоти билан боғлиқлигини таъкидлайди. Бироқ, Жапаров бу саҳифалар келишмовчиликка сабаб бўлмаслиги кераклигини айтади.

Давлат раҳбари Кенесарихон мустамлакачиликка қарши курашганини ва муносиб рақиб бўлганини, қирғиз Ўрмон хони ҳарбий зукколик кўрсатиб, адолатли жангда ғалаба қозонганини таъкидлайди. Жапаров қирғиз халқи ҳеч қачон биринчи бўлиб ҳужум қилмаганини, тарихни бузиб, халқлар ўртасида низо солдиришга қаратилган замонавий уринишлар чегаранинг ҳар икки томонидаги провокаторлардан келиб чиқаётганини айтади.

«Қасддан икки халқни бир-бирига қарама-қарши қўймоқчи бўлган, ўзаро адоват қўзғатмоқчи бўлган бир куч пайдо бўлган. Иккала томонда ҳам шундай ғаразгўйлар бор. Улар тарихий фактларни, насл-насаб ва ривоятларни қўлдан келганича бузиб, худди шу видеодаги каби, қирғизлар гўёки бир вақтнинг ўзида бутун бошли ташқи куч билан биргаликда қозоқ халқига қарши ҳаракат қилган, деган ақлга сиғмайдиган хулосалар чиқаришмоқда. Шу билан бирга, улар бутун бир халқни таҳқирлашмоқда, гўё оловга мой сочгандек, бу масалани тинимсиз ўзларига фойдасига кўтаришмоқда – буларнинг барчаси жиддий мулоҳаза юритишга сабаб бўляпти», — дея таъкидлайди Жапаров.

Президент қирғиз ва қозоқларни биродарликни қадрлашга, тарихни холис ўрганишга, нифоқларга қарши туришга чақирди. Икки давлат ёшлари провокацияларга берилмасдан, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

«Бирлик бор жойда фаровонлик бўлади, аҳил бўлайлик!» — дея хулоса қилади Садир Жапаров.

ℹ️ Кенесари Хон охирги, 48-чи қозоқ хони бўлган. У 1802 йили зодагон чингизид Ўрта жузнинг Қосим султон оиласида туғилган ва 1847 йили қирғиз Ўрмон хони томонидан қатл этилган. Унинг жасади қаерда кўмилгани номаълум. Хон жасади қолдиқлари Россия музейларидан бирида сақланади, деган версия мавжуд.

Қирғизистон президенти эътибор берган видеода (тўғрироғи, экран пардасидаги битта суратли аудиоёзувда) Кенесарихоннинг қирғиз халқи билан муносабатлари мураккаб ва қарама-қарши бўлгани қайд этилган. «Қозоқлар ва қирғизларнинг душмани, тарихи, тоғлари муштарак бўлган, аммо келажаги муштарак бўлмаган. Қирғиз манаплари (феодаллари), айниқса, Сари бағиш қабиласидан бўлганлар Кенесарига шубҳа билан муносабатда бўлишган», — дейилади видеороликда. Унинг муаллифларига кўра, руслар бошчилигида қирғизлар кенгаш баҳонасида Кенесари хонни алдаб, тоққа олиб боришган, қозоқларни ўраб олишган ва яксон қилишган. Хоннинг боши кейинчалик Петербургга олиб кетилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ