Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сара Назарбоеванинг ўлими ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда собиқ давлат раҳбарининг матбуот котиби Айдос Укибай Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида ёзган.
«Оммавий ахборот воситаларининг кўплаб сўровларига жавобан шуни маълум қиламанки, Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сара Алписовна шифохонада даволанмоқда», — деди у.
Назарбоеванинг ўлими ҳақидаги маълумотлар бугун бир қатор Телеграм каналларида пайдо бўлди. Хабар қилинишича, у даволанаётган Президент бошқармаси шифохонаси врачлари беморни ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратидан узишга қарор қилишган. ORDA.kz нашри ўз манбасига таяниб, худди шу ҳақда ёзган. Мақолада айтилишича, шифохона ҳудудида ва унинг атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Сара Назарбоева оғир касал бўлиб, касалхонада ётгани ҳақидаги илк хабарлар май ойи бошида оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганди.
Сара Назарбоева 1941 йил 12 февралда туғилган. Собиқ президентнинг рафиқаси ёшлигида ишлаб чиқариш соҳасида ишлаган, кейинроқ иқтисодчи мутахассислиги бўйича таълим олган. 1992 йили у «Бөбек» болалар хайрия жамғармасига асос солиб, етим болаларга ёрдам берган ва мактабларда «Ўз-ўзини англаш» дастурини ишлаб чиққан.
У 1991 йилдан 2019 йилгача Қозоғистоннинг биринчи хоними бўлган, хайрия ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун қатор халқаро мукофотлар билан тақдирланган. Нурсултон Назарбоев билан турмушда учта қиз фарзанд кўрган.
Ўтган йил 26 декабрь куни BES.media Телеграм канали Сара Назарбоева ўлими ҳақида ёзган эди. Ўшанда бу маълумотни собиқ президентнинг матбуот котиби Айдос Укибай рад этганди. Эртаси куни нашр олдиндан тайёрланган некролог қораламаси техник хато туфайли чоп этилганидан афсус билдирган.