Туркияда мамлакатнинг асосий мухолиф сиёсатчиси ҳисобланган Истанбул мэри Экрем Имомўғли коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда CNN Турк хабар берди.
Имомўғли полиция ходимлари ҳамроҳлигида судга олиб келинган. Унинг Сариер туманидаги қароргоҳида тинтувлар ўтказилган. Сиёсатчи ўз тарафдорларини қўрқмасликка чақирган видеомурожаатини эълон қилган.
«Афсуски, миллатимиз иродасини тизгинлашга уринаётган ақл соҳиблари хавфсизлик кучларидан ёвузлик йўлида қурол сифатида фойдаланиб, юзлаб ходимларни Истанбулдаги 16 миллион аҳоли уйи эшиги олдида тўплади. Биз катта зулмга дуч келдик. Лекин шуни билишингизни истардимки, мен таслим бўлмайман. Барчангизни жуда яхши кўраман, ўзимни миллатга ишониб топшираман. Бутун халқим билсин, мен тик тураман. Бу жараённи қурол сифатида ишлатаётган бу шахсга қарши курашни давом эттираман», — деган Имомўғли.
Туркиянинг энг йирик мегаполиси мэри устидан олиб борилаётган тергов доирасида жами 100 кишини ҳибсга олиш учун ордер берилган. Улар орасида шаҳар ҳокимининг матбуот маслаҳатчиси Мурат Онгун ҳамда бир қанча журналист ва тадбиркорлар бор. Nesef нашрининг хабар беришича, ҳибсга олиш ордери Истанбул медиа компанияси Medya A.S. нинг тендерлари билан боғлиқ.
Имомўғлининг ҳибсга олиниши билан бир вақтда NetBlocks халқаро интернет мониторинги хизмати Туркияда бир қанча ижтимоий тармоқларга кириш чеклангани ҳақида хабар берди. Жумладан, YouTube, TikTok, X ижтимоий тармоғи, шунингдек Instagram (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) видеохостинглари ишламаяпти. Туркия расмийлари бу маълумотга расман изоҳ бермаган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўзи билан рози бўлмаган сиёсатчиларга нисбатан қаттиққўллиги билан танилган. Шундай қилиб, 2016 йилдан бери у АҚШда яшаётган ва давлат тўнтаришига уринишни танқид қилган, бироқ давлат тўнтаришига уринишда айбланган воиз Фатҳуллоҳ Гуленга қарши фаол кураш олиб борган. 2023 йили Эрдўғон президентлик сайловларидаги рақиби, Имомўғлининг партиядоши Камол Қиличдарўғлини ҳақорат ва туҳмат қилгани учун бир неча бор судга мурожаат қилган. У 110 йил муддатга қамалиш хавфида бўлган. Сайловларда мағлубиятга учрагач, Киличдарўғлининг ўзи парламент таркибига кира олмаган ва депутатлик дахлсизлигидан маҳрум бўлган.