Остона ихтисослаштирилган туманлараро хўжалик суди фирибгарликда айбланаётган Перизат Қайрат раҳбарлик қилаётган Biz Birgemiz Qazaqstan 2030 хайрия фондини тугатишга қарор қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, Tengrinews.kz нашри хабар берди.
Иш материалларига кўра, Biz Birgemiz Qazaqstan 2030 фонди 2021 йил октябрь ойида жамоат бирлашмаси сифатида рўйхатдан ўтган (Қозоғистон қонунчилигига кўра, фондда васийлик кенгаши бўлиши, молиявий текширувдан ўтиши ва ҳар йили ҳисоботлар эълон қилиши шарт, лекин бу талаблар жамоат бирлашмаларига тааллуқли эмас). Унинг таъсисчилари сифатида ўн киши қайд этилган. Перизат Қайратга нисбатан ўтказилган тергов жараёнида маълум бўлишича, унинг ўзи ушбу шахсларнинг тўққиз нафари номидан таъсис ҳужжатларини имзолаган.
Шу муносабат билан фондни рўйхатдан ўтказган ҳужжат ҳақиқий эмас деб топилиб, уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қарор ҳали қонуний кучга кирмаган.
Аввалроқ фонд таъсисчилари орасида ҳукмрон АМАNАТ партиясининг «Жастар Рухы» ёшлар қаноти аъзоларининг (булар Арсланбек Мағзум, Айгерим Серикжанова ва Аян Ҳафиз) исмлари борлиги хабар қилинганди. Яна бир асосчи — Сергей Матюшенко — партиянинг пойтахтдаги туман бўлими раҳбари. У фонд билан боғлиқ ҳужжатларга имзо чекмаганини ва унинг асосчиси эканини билмаганини даъво қилган.
Перизат Қайрат ўтган йил кузда ҳибсга олинган эди. У сув тошқинидан жабр кўрган Қозоғистон ва Фаластин аҳолиси учун йиғилган 1,7 миллиард тенге (3,4 миллион доллар)ни ўғирлаганликда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, хайрия фонди раҳбари бу хайрия маблағларининг асосий қисмини ҳашаматли буюмлар ва кўчмас мулк сотиб олишга, шунингдек, чет эл саёҳатларига сарфлаган. Декабрь ойида бу ишда Перизатнинг онаси Қайрат Гайни Алашбаева ҳам гумон қилинаётгани маълум бўлди.