Қозоғистон-Британия техник университети Назарбоев қизидан «тортиб олинди»

vk.com/kbtu_group фотосурати

Қозоғистон-Британия техник университети (КБТУ) қайтарилган активларни бошқариш бўйича давлат компанияси назорати остида ўтди, деб ёзади «Курсив.kz». Илгари нуфузли университет биринчи президентнинг ўртанжи қизи Динара Кулибаева асос солган Нурсултон Назарбоев таълим фондига тегишли бўлган.

КБТУ молиявий ҳисоботига кўра, университет эгасини 2025 йил 27 февралда ўзгартирган, шундан сўнг Нурсултон Назарбоев таълим фонди акциядорлар рўйхатидан чиқарилган.

Қозоғистон-Британия техник университети 2000 йили ташкил этилган бўлиб, унинг таъсисчилари Қозоғистон ҳукумати, Буюк Британиянинг ҚРдаги элчихонаси ва Британия Кенгаши бўлган. 2003 йилдан бери «Казмуйгаз» олийгоҳнинг ягона акционери бўлган. 2010-2011 йиллари учта илмий институт КБТУга ўтказилган. 2018 йили университет Нурсултон Назарбоев таълим фондига сотилган. Ўтган йили прокуратура ушбу битимни бекор қилишга урингани хабар қилинганди.

КБТУ ҳар йили Қозоғистондаги энг яхши университетлар рейтингидан ўрин олади. Университет биноси Олмаотанинг марказида жойлашган. У 1957 йили, советлар даврида қурилган. Дастлаб бинода Қозоғистон ССР Министрлар кенгаши, кейинчалик Қозоғистон парламенти фаолият юритган.

КазТАГ агентлиги таъкидлашича, университет эгасини ўзгартириш тўғрисидаги қарор бинода содир бўлган ёнғиндан сўнг икки ой ўтгач қабул қилинган. 11 январь куни кечқурун ёнғин содир бўлган, унинг майдони 120 квадрат метрни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ