Қозоғистонда хорижий агентлар тўғрисидаги қонун қабул қилиниши керак. Қозоғистон Халқ партияси фракцияси депутати Ирина Смирнова мана шундай сўров билан Бош вазир Олжас Бектеновга мурожаат қилди, деб ёзади Kursiv.kz.
Мажилис (парламент қуйи палатаси) йиғилишида сўзга чиққан депутатнинг фикрича, оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ниқобида бўлган хорижий донорлар билан «ўйин қоидаларини қайта ёзиб чиқиш» вақти келган.
Смирнова «Хорижий агентлар тўғрисида» ги қонунлар Исроил, Хитой, Австралия, Буюк Британия, Франция ва АҚШда амал қилишини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон бу амалиётни қўллаб-қувватлаши ва «қозоғистонликлар ахборотни баҳолаш ва солиштириш, унинг манбасини тушуниши учун» ОАВдан ўз контентини белгилашни талаб қиладиган қонун яратиши керак.
Смирнованинг сўзларига кўра, Қозоғистонда 200 га яқин нодавлат ташкилот чет элдан маблағ олади ва уларнинг 70 фоизи АҚШдаги турли манбалар ҳисобидан молиялаштирилади. Кўмак асосан оммавий ахборот воситалари, сўз эркинлиги, мақсадли гуруҳларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, демократия ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, либерал ислоҳотлар, бағрикенглик ва фуқаролар фаоллигини ошириш каби лойиҳаларга берилади. Аммо «ҳатто мутахассислар ҳам дўстона ресурслар қаерда эканию ва бузғунчи кучга дуч келмаслик учун қаерда эҳтиёт бўлиш кераклигини аниқлай олмишмайди», — деди депутат.
«Агар Қозоғистонда хорижий нодавлат ташкилотлари ўзларини анча қулай ҳис қилаётган ва ўз ўйинларини ўйнаётган бўлсалар, уларнинг таъсири бизга қимматга тушиш мумкин» — дейди у.
Шу билан бирга, Смирнова «хорижий агентлар тўғрисида» ги қонун ёрдамида мамлакат ўз суверенитетини мустаҳкамлашига ишонади.
Қозоғистонда ҳозирда хорижий давлатлар ва ташкилотлардан пул олаётган жисмоний шахслар рўйхати юритилади. Мазкур рўйхат (уни Россия хорижий агентлари рўйхатининг аналоги деб аташган) республика Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси (ДРҚ) веб-сайтида жойлаштирилган. У биринчи марта 2023 йил кузида нашр этилган. Ҳозирда рўйхатда 200 га яқин одамлар исми-шарифи ва ташкилот номлари мавжуд.