Қозоғистонда атоқли шахсларга ўрнатиладиган ёдгорликлар сони чекланди

2gis.kz/astana фотосурати

Қозоғистонда атоқли шахсларга ўрнатилган ёдгорликлар сони чекланди – энди битта аҳоли пунктида битта шахс шарафига биттадан ортиқ ёдгорлик ўрнатилмайди. Худди шундай чора муҳим тарихий воқеаларга бағишланган ёдгорликларга нисбатан ҳам қўлланилади. Бу монументал санъат қурилмалари барпо этишнинг янги қоидаларида кўрсатилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ёдгорликлар, стела ва бюстлар маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан маҳаллий бюджет ёки бошқа манбалар ҳисобидан ўрнатилади. Бўлажак ёдгорликнинг эскизи танлов асосида махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиши керак. Ёдгорликни ўрнатиш учун жой ҳамма учун очиқ ва давлат мулки бўлиши керак. Қоидаларда, шунингдек, мавжуд чекловлар ҳам сақланиб қолинган — буюк шахс вафот этган кундан бошлаб камида беш йил ўтгандан кейингина ёдгорлик ўрнатилиши мумкин, «қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиш, давлат мустақиллигига улкан ҳисса қўшиш ва (ёки) муҳим тарихий воқеа содир этганлик ҳоллари бундан мустасно».

Қозоғистонда бир шахсга – республика биринчи президенти Нурсултон Назарбоевга тириклигидаёқ ёдгорликлар ўрнатилган. Бироқ, 2022 йил январь воқеаларидан кейин ёдгорликлар сони камая бошланди. Ўшанда тартибсизликлар иштирокчилари собиқ президентнинг Толдиқўрғонда ўрнатилган тўрт метрлик ҳайкалини йиқитиб, синдириб ташлашди. Бу йил қолган ҳайкаллар босқичма-босқич демонтаж қилина бошланди – январь ойи ўрталарида Назарбоев ҳайкали Остонадаги Миллий мудофаа университети ҳудудидан олиб ташланди. Ўша ойда Олмаота метросининг «Алмали» бекатидаги биринчи президентнинг портрети олиб ташлангани маълум бўлди. Февраль ойида Остонадаги Қозоғистон Миллий музейи ходимлари биринчи қаватдаги кўргазма залидан Назарбоев ҳайкалини олиб ташлашди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ