Ўзбекистон урушда жабрланган фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёр эканини билдирди

Шавкат Мирзиёев — марказда, ундан кейин - Эмомали Раҳмон. Ўзбекистон матбуот хизмати фотосурати

Шавкат Мирзиёев урушдан жабр кўрган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистондаги шифохоналарда бепул даволашга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда мамлакат президенти 11 ноябрь куни Ар-Риёдда (Саудия Арабистони) навбатдан ташқари араб-ислом саммитида сўзлаган нутқида маълум қилди.

«Ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликларга маҳкум бўлаётганини изтиробсиз кузатиш мумкин эмас.

Энг ёмони, ҳаммамиз гувоҳ бўлаётганимиздек, ушбу фожиага нисбатан халқаро майдонда икки хил стандартлар асосида ёндашилмоқда. Бу эса урушнинг кенг ёйилиб кетиш эҳтимолини кескин оширмоқда, халқаро хавфсизликка жиддий рахна солмоқда», — деди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев қуйидагилар зарур эканини таъкидлади:

👉 Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Хавфсизлик Кенгашининг мазкур кўп йиллик низони ҳал этишдаги ўрни ва таъсирини тубдан ошириш, ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва энг асосийси – тинчлик музокараларини бошлаш масалалари бу универсал халқаро тузилманинг доимий эътибор марказида туриши мақсадга мувофиқдир;

👉 Фаластин ва Ливан ҳудудидаги мислсиз гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида давлатларимиз томонидан ҳамда етакчи халқаро ташкилотлар доирасида ёрдам кўламини кенгайтиришимиз лозим;

👉 Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган «Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё» саммитида ҳам муҳокама қилиш лозим.

👉 Муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш лозим.

ℹ️ Фаластин муаммосини ҳал қилиш ва Ливандаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича саммитда Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) аъзолари йиғилди. Унда Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жанубий Осиёдан 50 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. Мирзиёевдан ташқари Марказий Осиёдан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу иштирок этди.

Ар-Риёддаги араб-ислом саммити иштирокчилари, 2024 йил 11 ноябрь. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Саммит якунлари бўйича баёнот имзоланди, унда Alarabiya.news хабар беришича:

▶️ Исроилга «фаластиннинг барча босиб олинган ҳудудларидан чиқиб кетиш» талаби қўйилди, зеро бу минтақада тинчлик ўрнатишнинг асосий шарти бўлади;

▶️ Икки давлатни ташкил этиш эвазига Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришни таклиф этувчи БМТ резолюциялари ва 2002 йилдаги Араб тинчлик ташаббусига таянган ҳолда, 1967 йилдан олдинги чегараларга қайтиш чақируви;

▶️ Пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Фаластин давлатини яратишга ва ушбу мақсадга эришиш учун аниқ қадамлар ва муддатларга эга халқаро ҳомийлик режасини ишлаб чиқишга чақирув.