Ўзбекистон терма жамоаси Каннаваро бошчилигида илк бор йирик ҳисобда ғалаба қозонди

Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари. ЎФА фотосурати

Ўзбекистон футбол терма жамоаси 1 октябрь куни Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида ўтказилган ўртоқлик учрашувида Сурия терма жамоасини 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Бу италиялик мураббий Фабио Каннаваро бошчилигида миллий терма жамоанинг илк йирик ғалабаси бўлди.

28-дақиқада Шерзод Эсанов ҳисобни очди. Танаффус арафасида Акмал Мозговой мезбонлар устунлигини икки карра оширди. Иккинчи тайм бошида Ҳусайн Норчаев учинчи голни урди, 90-дақиқада эса дубль қайд этди. Қўшиб берилган вақтда Муҳаммад Ҳакимовнинг автоголи ортидан сурияликлар ҳисобдаги фарқни қисқартирди.

Сурия билан учрашувга қадар Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси икки тўпдан ортиқ фарқ билан ғалаба қозонмаган эди. 24 сентябрь куни ўзбекистонлик футболчилар Эронни 3:1 ҳисобида мағлуб этган. Бундан олдин жамоа Қувайт ва Мисрни 2:0 ҳисобида, Габонни эса 3:1 ҳисобида мағлуб этган эди.

Учрашувдан сўнг Каннаваро жамоадан мақоми қандай бўлишидан қатъи назар, барча ўйинларга жиддий муносабатда бўлишни талаб қилишини айтди.

«Биз учун “ўртоқлик учрашуви” деган тушунча мавжуд эмас. Ҳар бир ўйинга жиддий ёндашиш керак. Мен футболчилардан юқори суръат ва юқори интенсивликда ўйнашни сўрадим. Ҳали кўп жиҳатларни яхшилашимиз керак, аммо бугунги учрашувни яхши ўйин ва ғалаба билан якунлаганимиз қувонарли. Қадам-бақадам яхши жамоа шакллантиряпмиз», — деди Каннаваро.

Ўзбекистон терма жамоаси навбатдаги ўртоқлик учрашувини 6 октябрь куни сафарда Жанубий Кореяга қарши ўтказади.

Фабио Каннаваро Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи лавозимини 2025 йил 6 октябрда эгаллаган ва унинг қўл остида жамоа тарихда илк бор жаҳон чемпионатига чиққан Тимур Кападзенинг ўрнини эгаллаган. Сурияга қарши ўйинни ҳисобга олганда, италиялик мутахассис терма жамоа бош мураббийи сифатида 13 та учрашув ўтказди. Ўзбекистон асосий вақтда бешта ғалабага эришди, икки марта дуранг ўйнади ва ҳар икки ҳолатда ҳам пенальтилар сериясида ғалаба қозонди, шунингдек, олти марта мағлуб бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ