Қозоғистонлик журналист Данияр Адилбеков тўрт ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бундай қарор Жиноят ишлари бўйича Остона туманлараро суди томонидан қабул қилинди, деб хабар беради ORDA.kz. Адилбеков қасддан ёлғон маълумот тарқатишда айбдор деб топилган. Прокурор унга беш йиллик қамоқ жазосини сўраган.
Айбловга кўра, Адилбеков ўзининг «Ёввойи ўрда» Telegram-каналида ёлғон маълумот тарқатган. Журналист устидан уч киши шикоят қилган: журналист Гулжан Ергалиева, араб инвестори, пойтахт аэропорти директори Юсуф Рашед Алжаудер ва Энергетика вазири ўринбосари Ерлан Аккенженов.
Адилбеков ўзининг Телеграм-каналида Гулжан Ергалиева Қуандик Бишимбаев адвокатлари билан интервью учун пул олганини ёзган. Нашрда Юсуф Рашед Алжаудер аэропортнинг ҳақиқий бошқарувини четлаб ўтиб, ноқонуний равишда буйруқ ва кўрсатмалар бергани ёзилган.
Адилбековга қўйилган айблардан бири — Энергетика вазири ўринбосари Ерлан Аккенженовнинг коррупция жинояти ҳавқида ёлғон маълумотни эълон қилганидир. Мақолада унинг Карим Масимовнинг собиқ куёви Азамат Капенов билан алоқалари ҳақида ёзилган. Шунингдек, Адилбеков нефть трейдерларидан бирига таяниб, гўёки Қозоғистонда нефть тақсимотида ишлаётган коррупцион схемани тасвирлаб берган. Мазкур иш доирасида Адилбековнинг маълумот манбаси бўлмиш нефттрейдери Ерлан Саудегеров ҳам қўлга олинган. У уч йиллик шартли қамоқ жазосини олган.
Адилбеков шу йил баҳорда ҳибсга олинган ва шундан бери ҳибсда сақланмоқда. У ўзига қўйилган барча айбловларни рад этади.
Сўнгги йилларда Қозоғистонда Интернетдаги нашрлар билан боғлиқ бир нечта «шов-шувли» ишлар кўрилди. 2023 йил февралида мустақил журналист ва ABZHAN NEWS Телеграм канали муаллифи Махамбет Абжан товламачилик ва қасддан ёлғон маълумотларни тарқатишда айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Ўша йилнинг декабрь ойида Олмаота жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди журналистлар Владимир ва Наргиз Севернийларни ўта йирик миқдорда товламачилик иши бўйича 7 ва 8 йилга озодликдан маҳрум қилган. Шу йилнинг февраль ойида чимкентлик журналист Марина Низовкина Instagramдаги нашрлари учун (РФда экстремистик деб тан олинган Меtа корпорациясига тегишли) 1,4 минг доллар жаримага тортилган. Суд уни шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ермахон Абдрамоновга туҳмат қилганликда айбдор деб топган.