Россия Транспорт вазирлиги дўстона давлатлар, жумладан, Қозоғистон билан хорижий авиакомпанияларнинг Россия ҳудудида каботаж ташувларини амалга ошириш имконияти борасида музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Россия Транспорт вазири Роман Старовойт «Дорога-2024» форуми доирасида маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
«Биз дўстона давлатлар билан музокаралар олиб бормоқдамиз. <...> Мисол учун, биз Қозоғистон билан музокаралар олиб боряпмиз, уларда бу йил авиация ҳаракатчанлиги 35% дан ортиқ ўсган, шунинг учун ҳамкасбларимиз ҳам ўйлашмоқда. <…> Уларда ҳам парк етарли эмас», — деди вазир тегишли саволга жавоб бераркан.
Каботаж ташуви — чет элда рўйхатдан ўтган ҳаво кемасидан йўловчиларни, уларнинг багажини ва (ёки) юкларини бошқа давлат (бу ҳолда, Россия) ҳудудидаги иккита пункт ўртасида ҳақ эвазига ёки бусиз ташишни англатади.
Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан Россия Федерациясида фақат маҳаллий авиакомпаниялар шундай ҳуқуққа эга.
Каботаж ташувга рухсат бериш имконияти бутун дунёда кузатилаётган самолёт паркларининг тақчиллиги фонида кўриб чиқилмоқда, дея тушунтиради Старовойт.
«Гап шундаки, ҳозир бутун дунёда самолётлар тақчил. Биласизки, Airbusнинг Pratt & Whitney двигателлари бўйича жиддий муаммолари бор ва юзлаб самолётлар хорижий авиакомпанияларда Airbus neo двигателларига алмаштиришларини кутиб туриб қолган. Boeingнинг янги самолётлари сифати билан боғлиқ қандай муаммолари борлигини биласиз, шунинг учун самолётлар етишмаяпти», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради «Интерфакс» агентлиги.
Шу билан бирга, «Фуқаро авиацияси давлат илмий-тадқиқот институти» Федерал давлат унитар корхонасининг бош эксперти (Федерал ҳаво транспорти агентлигига бўйсунувчи) Фёдор Борисов «Интерфаксг»а берган изоҳида самолётлар етишмаслиги муаммоси ҳал қилишда каботаж «энг ёмон» усул эканини айтади.
«Каботаж — бу ишнинг энг ёмон усули, чунки ҳамма нарса миллий иқтисодиётдан четга оқиб кетади. Тўғри, сиз бир тешикни ёпасиз, лекин пулингизни йўқотасиз, — деди у. — Бу қарорларнинг ичида энг ёмони. Гарчи бу масала жуда юқори даражада, жуда юқори идораларда муҳокама қилинаётган бўлса ҳам. Аммо, биз ушбу идораларга қандай устуворликларга ён босиш лозимлиги борасида ўз позициямизни етказишга ҳаракат қиламиз. Биз буни умуман мумкин эмас, деб айтмаяпмиз — биз энг қийин қарорларга ўтишдан олдин барча имкониятларни ишга солишимиз кераклигини айтмоқдамиз».
Борисовнинг сўзларига кўра, санкциялар ва маҳаллий самолётларни етказиб беришнинг кечикаётгани контекстида РФда ҳаво кемалари парки тақчиллигини камайтириш учун мавжуд ҳукумат тузилмасини жалб қилиш орқали иккиламчи бозордан хориж авиатехникаларини сотиб олиш лозим.
Муаммо тезда ҳал этилмаса, соҳа йўловчилар оқимининг тизимли равишда қисқаришига дуч келади, дея огоҳлантирди эксперт. Фуқаро авиацияси давлат илмий-тадқиқот институти тақдимотидаги консерватив сценарийга кўра, 2024 йили Россия авиакомпаниялари 112 миллион кишини ташийди, аммо 2025 йилда бу кўрсаткич 95,1 миллионга, 2026 йилда эса 91,2 миллионга тушиб қолиши мумкин. Шундан сўнг саноат тиклана бошлайди ва 2030 йилга келиб атиги 126,8 миллион кишини таший олади (яъни 2019 йили 128,1 миллион киши ташилганидан камроқ). Шу билан бирга, Борисовнинг ўзи бу сценарийни консерватив эмас, балки реал воқелик деб атади.