Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов Қарағанда вилоятидаги Саран шаҳридаги иситиш мавсумининг бузилишига, аҳолини хонадонларда иссиқлик йўқлигидан шикоят қилишга мажбур қилган айбдорларни жавобгарликка тортишга ваъда берди. Бу ҳақда ҳукумат раҳбари 15 октабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб ёзади Atameken.business.
Бектеновнинг таъкидлашича, иситиш билан боғлиқ муаммоларга Саран шаҳар ҳокими шахсан жавобгардир.
«Бу тегишли назорат йўқлигидан далолат беради. Ҳозирда қозонхонанинг тайёрлиги текширилмоқда. Мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади. Энергетика вазирининг ўзи бу ерда текширув ўтказади. Натижалар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материаллар жўнатамиз, агар эътиборсизлик аниқланса, чора кўрамиз», — деди у.
14 октабрь куни Саранда 85 та уй иссиқликсиз қолгани хабар қилинганди. Сабаби, қурилишига 10 йилдан ортиқ вақт кетган янги шаҳар қозонхонаси юкламага бардош бера олмагани айтилмоқда. Шаҳар ҳокими Еркин Баулиқов иситиш мавсуми бошланишига путур етказгани учун узр сўраб, уйлар зудлик билан эски иссиқлик манбаларига уланганини айтди.
Ўтган қиш мавсумида республикани қамраб олган коммунал тармоқлардаги носозликлар туфайли иситиш мавсумига тайёргарлик энди мутасаддиларнинг алоҳида назоратида. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев бу борада бир неча бор гапирган. «Аҳоли пунктларида шароитни таъминлашдаги барча тизимларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ҳукумат ва ҳокимликларнинг асосий вазифаларидан биридир. Бироқ, ҳар бир иситиш мавсумида бир хил муаммоларга дуч келинади. Давлат идоралари соҳани ҳозирги ҳолатга келтирган тизимли хато ва камчиликлардан сабоқ олаётгани йўқ», — деганди у жорий йил февраль ойида бўлиб ўтган ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида.