Қозоғистонда фуқароликни олиш учун давлат тили ва тарихни билиш талаблари қўйилди. Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбекнинг 8 октабрдаги тегишли буйруғи «Параграф» ахборот тизимида эълон қилинди.
«Қозоғистон Республикаси фуқаролигини олиш ёки уни тиклашда элементар даражада давлат тилини билиш камида 36 балл, ҚР Конституцияси асослари бўйича камида 9 балл, Қозоғистон тарихи фанини билиш камида 15 балл бўлиши тасдиқлансин», — дейилади ҳужжатда.
Буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Қозоғистон фуқаролигига қабул қилиш учун имтиҳон Фан ва олий таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қоидаларга кўра, 100 та тест топшириқларидан иборат бўлади, деб ёзади Forbes.kz, улардан 60 таси қозоқ тилида (ўқиш ва тинглаш), 15 таси – Қозоғистон Республикаси Конституцияси асослари бўйича, 25 — Қозоғистон тарихидан. Имтиҳон чегара балли камида 60 бўлиши керак.
Имтиҳон учун 2 соат 10 минут вақт берилади. Имконияти чекланган шахслар учун қўшимча 30 дақиқа берилади.
Ўтган баҳорда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев «Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳоли миграцияси ва жазони ижро этиш тизими соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди. Унда таъкидланишича, бошланғич даражада давлат тилини, Конституция ва тарих асосларини билмаслик Қозоғистон фуқаролигини олиш ва уни қайта тиклашнинг рад этилишига асос бўлади.
Ўшанда республика Ички ишлар вазирлиги янги талаблар хорижликларнинг Қозоғистон жамиятига тезроқ мослашишига ёрдам беришини таъкидлаганди.