Қозоғистон Миллий гвардияси 16 яшар ўсмирнинг ўлдирилганидан сўнг Талгар (Олмаота вилоятидаги шаҳар) кўчаларига патрул жўнатди, деб хабар беради Kazinform.
«Айни дамда Олмаота вилоятининг Талгар шаҳрида жамоат тартибини сақлаш бўйича патрул-пост хизматига Қозоғистон Республикаси ИИВ Миллий гвардияси ҳарбий қисмидан шахсий таркиб жалб қилинган. Кўрилаётган чора-тадбирлар хавфсизликни таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашга қаратилган. Фуқаролардан мазкур тадбирга тушуниш билан ёндашишларини сўраймиз», — дея Миллий гвардия матбуот хизмати вакилининг сўзларини келтиради агентлик.
Аввалроқ, Олмаотадан 25 км шарқда жойлашган Талгар шаҳрида 16 ёшли Шерзат исмли ўсмир отасининг кўз ўнгида ўлдирилган. Полиция қотиллик бўйича жиноий иш қўзғатган. Ушбу жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, етти нафар шахс ҳибсга олинган ва суд уларни икки ойга қамоққа олишга қарор қилган.
Шундан сўнг номаълум шахслар ўлдирилган йигитнинг оиласи яшаётган уйга ўт қўйишган, натижада уй бутунлай ёниб кетган. Полиция яна битта жиноий иш очган — бу сафар бировнинг мулкини қасддан йўқ қилиш бўйича. Полиция, шунингдек, Шерзат оиласи хавфсизлик билан таъминланганини таъкидлайди.
Бу мудхиш воқеа республикада кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ўсмирнинг ўлдирилиши ва унинг уйига ўт қўйилиши Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари учун ўзига хос синов эканини таъкидлайди. Шу муносабат билан ОАВ маҳаллий аҳоли кўрсатмаларига таяниб, шаҳарда ўсмирни ўлдириш ва унинг уйига ўт қўйишга алоқадор бўлган йирик уюшган жиноий гуруҳ фаолият юритаётгани ҳақида хабар беради.