Қозоғистонда атом электр станциялари қурилишига қарши чиққан бир гуруҳ фуқаролик фаоллари «Энергияга ўтиш» жамоат фондини туздилар. Бу ҳақда улар Қозоғистон пресс-клуби сайтида маълум қилди, деб ёзади Orda.kz.
Фонд раҳбари этиб энергетик, KEGOC электр тармоқларини бошқариш корпорациясининг собиқ раҳбари Асет Науризбаев тайинланди. Янги ташкилот республикада атом электр станцияларининг пайдо бўлишига рози бўлмаган фуқароларнинг фикрларини илгари суриш учун мўлжалланган. Науризбаев аввал ҳам бу борада бир неча бор гапириб, атом энергетикаси технологиялари эскиргани, қуёш ва шамол электр энергиясига устунлик бериш кераклигини таъкидлаган. Матбуот анжуманида Науризбоев, шунингдек Россиядан захира қувват олиш имкониятидан ташқари, Хитойдан захира қувват манбаи яратиш ғоясини ҳам билдирди.
Ўз навбатида эколог Кайша Атаханова қозоғистонликларни «электр қуввати тақчиллиги қўрқувига эргашмасликка» чақирди. «Биз авлодларимизга ишонишимиз керак. Биз уларга катта қарзлар ва радиоактив чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни қолдиролмаймиз», — дея унинг сўзларини келтиради Vlast.kz.
Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши ҳақидаги баҳслар ўнлаб йиллардан бери давом этиб келади. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан 6 октабрга белгиланган референдум уларга чек қўйиши керак. Шунингдек, яқинда мамлакатда АЭС қурилиши бўйича Халқ штаби тузилди, унинг таркибига олтита сиёсий партия ва 20 та республика жамоат бирлашмаларининг 250 га яқин вакили киритилган. Унинг биринчи йиғилишини парламент қуйи палатаси спикери, Amanat партияси раиси Эрлан Кошанов олиб борди. Унинг сўзларига кўра, штаб одамларни атом электр станциясини қуриш ғояси атрофида бирлаштириши керак.