Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев турли йиллари мамлакат Мудофаа вазири ва Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари бўлиб ишлаган қозоқ давлат арбоби Сат Тоқпакбаевга «Халық қаһарманы» («Халқ қаҳрамони») унвонини топширди. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
«Халық қаһарманы» — Қозоғистондаги энг юқори даражали унвон бўлиб, «Олтин бургут» ордени ва «Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамони» унвони билан бир қаторда туради. Бу унвон республика ривожига қўшган улкан хизматлари учун берилади. Унга сазовор бўлган шахслар, шунингдек, «Алтын жулдыз» («Олтин юлдуз») ва «Отан» («Ватан») ордени билан тақдирланадилар.
Сат Токпакбаев — жамоат ва давлат арбоби, Миллий хавфсизлик қўмитаси генерал-полковниги. Йиллар давомида Олмаота вилояти прокуратурасида терговчи, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси, Қозоғистон президенти қўриқлаш хизмати бошлиғи, республика Мудофаа вазири, Президент маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган. Қозоғистон Республикаси ва ҳукмрон «Нур Отан» партиясидан 4-чақириқ Мажилис депутати бўлган.
2008 йили парламент қуйи палатаси депутати сифатида Сат Тоқпакбаев шаҳар қурилишида ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоевнинг «катта роли»ни ҳисобга олиб, Остона номини Нурсултон деб ўзгартиришни таклиф қилган. Орадан 11 йил ўтиб, 2019 йил 23 мартда Қозоғистон пойтахти барибир Нур-Султон деб ўзгартирилди. 2022 йил сентябрида шаҳарга аввалги – Остона номи қайтарилди.
17 сентябрь куни Миллий хавфсизлик қўмитаси генерал-майори Сат Тоқпакбаев 85 ёшга тўлади.