Москва вилоятида МҲО иштирокларини ҳақорат қилган ўзбеклар жамияти раҳбари 4 йилга қамалди

Усмон Баратов. iz.ru сайти фотосурати

Москва вилояти Ступино шаҳар суди «Ватандош» ўзбек диаспораси раҳбари Усмон Баратовни Россия Жиноят кодексининг 282-моддаси («Нафрат ёки адоват қўзғатиш, шунингдек, инсон қадр-қимматини камситиш») бўйича айбдор деб топиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум қилди, деб хабар беради ТАСС.

Жараён ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган. Маълумки, прокурор аввалроқ бу шахсга нисбатан олти йиллик қамоқ жазосини талаб қилган. Баратов жазони умумий режимли колонияда ўтайди.

«Ватандош» ўзбеклар жамияти етакчисининг жиноий жавобгарликка тортилишига 2023 йил декабрь ойида интернет фойдаланувчиси томонидан «Одноклассники» ижтимоий тармоғида эълон қилган постидаги РФда тухум нархининг кескин ошганига доир тасвир сабаб бўлган. Унда «тухум бўлиши учун хўрозларни фронтдан қайтаринг!» деяётган товуқлар акс этган.

Кўп ўтмай, Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин топшириғига биноан иш очилган. Аниқлик киритилишича, ҳарбий мухбирлар ўзбек жамияти раҳбарининг постига муносабат билдириш илтимоси билан расмийларга мурожаат қилган.

Натижада, тергов Баратовнинг пости россияликларнинг, шу жумладан махсус ҳарбий операция иштирокчиларининг қадр-қимматини камситади, деган ҳулосага келган. Бу фикрни лингвистик экспертиза тасдиқлаган. Шу йилнинг февраль ойида айбланувчи Росфинмониторинг томонидан тузилган экстремист ва террорчилар рўйхатига киритилганини қўшимча қиламиз.

Ўзбек жамияти раҳбари ҳукмга рози бўлмаган ва уни «Россия одилсудлови учун шармандалик» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, бу қарор «суд ҳокимиятнинг алоҳида тармоғи эмас, балки хизматкор» эканини кўрсатади. Қўшимча қиламиз, бундан олдин сўроқ пайтида Баратов лингвистик экспертиза нотўғри ўтказилгани ва унинг иши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида кўриб чиқилиши кераклигини айтган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ