Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг махсус комиссияси Lukoil Overseas Supply and Trading компаниясини биржада техник олтингугурт сотишда манипуляцияга йўл қўйганликда айбдор деб топди. Компания асоссиз олинган даромадни қайтаришга мажбур бўлади, дея хабар беради қўмита ўзининг Telegram-каналида.
Қўмита махсус комиссияси Россиянинг ЛУКОЙЛ корпорацияси шўъба корхонаси Ўзбекистон ҳукумати томонидан 2020 йилда тасдиқланган юқори ликвидли ва монопол товарларни биржа аукционларида сотиш тўғрисидаги низом талабларини бузганлигини аниқлаган.
Компания асоссиз олинган даромадни қайтариши шарт. Lukoil Overseas Supply and Trading ўз ҳаракатлари натижасида айнан қандай фойда олгани аниқланмаган. Қўмитанинг қўшимча қилишича, компанияга қонунбузарликларни тўхтатиш ва келажакда уларнинг олдини олиш бўйича мажбурий буйруқ юборилган.
Ушбу қарордан норози бўлган тақдирда, компания Апелляция кенгашига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
ℹ️ ЛУКОЙЛ шўъбасига нисбатан иш қўзғатилгани июль ойи бошида маълум бўлганди. Ўзбекистон расмийларига кўра, компания техник олтингугурт нархи борасида манипуляцияга йўл қўйган, жумладан, ишлаб чиқариш ҳажмини аукционга ноўрин жойлаштиришган. Шу сабабли, маҳсулот таннархи 10% дан 50% гача ўсган.
Lukoil Overseas Supply and Trading аввали ҳам Ўзбекистонда шов-шувли вазиятларга тушиб қолганди. Масалан, 2019 йили республика фойдали қазилмаларнинг бир қисмини ички бозорга олиб чиққани сабабли компанияга газ етказиб бериш учун қарийб 600 миллион доллар қарздор бўлгани маълум қилинган эди, гарчи маҳсулот тақсимоти бўйича келишув шартларида газ экспортида қазиб олинган ресурсларнинг бутун ҳажми кўзда тутилган. Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қарз борлигини тан олиб, маҳсулот тақсимоти бўйича келишувда нима учун миллий манфаатлар ҳисобга олинмаганига ҳайрон бўлганди.