2024 йил 15 июлдан Таиланд ҳукумати Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни расман жорий қилди. Энди Жануби-Шарқий Осиёнинг мазкур давлатига 60 кунгача қўшимча ҳужжатларни расмийлаштирмасдан кириш мумкин, деб хабар беради «Дунё» ахборот агентлиги.
Ўзбекистоннинг Таиланддаги Бош консуллиги аввалроқ 57 давлат вакиллари ушбу давлат ҳудудига визасиз кириши мумкинлигини тушунтирганди. Энди расмий Бангкок яна 36 давлат, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари учун ҳам худди шундай тартибни тасдиқлаган. Айтганча, Хитой ва Ҳиндистон собиқ СССР республикалари билан бир рўйхатда туради, дея таъкидлайди дипломатик маҳкама.
Янги режим ҳар қандай чегара постлари орқали Таиландга кирадиган одамларга тааллуқлидир. Янги қоида иқтисодиётни рағбатлантириш учун жорий қилинган ва келажакда бекор қилиниши мумкин.
Таиланд Ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, айни пайтда ушбу давлат ва Ўзбекистон расмийлари ўртасида ўзаро визасиз режим бўйича келишувга оид музокаралар давом этмоқда.
Визасиз режим жорий этилгунга қадар Ўзбекистон фуқаролари Таиланд аэропортларида 60 доллар эвазига 15 кунлик туристик виза олишлари мумкин эди.
ℹ️ Дунё давлатлари паспортлари рейтингини тузувчи Arton Capital компанияси томонидан маълум бир давлат фуқароларининг хорижга чиқиш имкониятидан келиб чиққан ҳолда тузган рейтингида Қозоғистон 2024 йил ҳолатига кўра 55-ўринни эгаллаб турибди. Ушбу республика фуқаролари 44 та давлатга визасиз боради, 46 та давлатга борганда виза олиши мумкин, 108 та давлатга олдиндан расмийлаштирилган ҳужжатлар билан боришлари мумкин.
Худди шу рейтингда Ўзбекистон 68-ўринни эгаллаган: ўзбекистонликлар визасиз 30 давлатга бориши, 43 давлатга борганда виза олиши, 125 давлатга олдиндан виза олиб боришлари мумкин. Республика айнан шундай вазиятга эга Қирғизистон билан рўйхатнинг битта поғонасида туради.
Тожикистон 70-ўринда: унинг фуқаролари 26 та давлатга визасиз бориши, 44 та давлатга борганда виза олиши, 128 та давлатга олдиндан виза билан бориши мумкин.
Туркманистон 77-ўринда, бу ерда нисбат қуйидагича: туркманлар визасиз 18 давлатга бориши, 45 давлатга борганда виза олиши, олдиндан виза билан 135 давлатга бориши мумкин.