Яшил иқлим жамғармаси (Green Climate Fund, GCF) кенгаши умумий қиймати 264,4 миллион евро бўлган «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтлар» (CLiCA) минтақавий дастурини маъқуллади. Ушбу дастур доирасида Ўзбекистонга 103,7 миллион евро ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Дастур Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда тайёрланган. Ўзбекистон томонидан дастурни ишлаб чиқиш жараёнини Экология қўмитаси ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази мувофиқлаштирган.
Ўзбекистонга ажратилган маблағлар ўрмонлар ва яйловларни тиклаш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига чидамли технологияларни жорий этиш ҳамда фермерларнинг мослашув учун молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, дастур Ўзбекистоннинг 342 минг нафар аҳолисини қамраб олади. 164 минг гектар ўрмон, яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерларида иқлим ўзгаришига чидамли бошқарув усуллари жорий этилади. Шунингдек, иссиқхона газлари ташламаларини қисқартириш ва уларнинг 1,07 миллион тонна CO₂ эквиваленти миқдорида ютилишини таъминлаш режалаштирилган.
« Ушбу дастурнинг маъқулланиши янада барқарор ҳамжамиятлар ва ландшафтларни шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Қирғизистон Республикаси, Тожикистон ва Ўзбекистондаги ҳамкорларимиз билан биргаликда умумий мақсадимизни Марказий Осиё аҳолиси ва табиати учун узоқ муддатли натижага айлантиришни кўзлаяпмиз», — дея таъкидлайди GIZ вакиллари.
Ўзбекистон учун ушбу дастур иқлим соҳасидаги устувор вазифаларни амалга оширишнинг қўшимча воситасига айланади. Улар қаторига деградацияга учраган ерларни тиклаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш киради.



