Тошкент шаҳар ҳокимлиги футбол бўйича «Пахтакор» жамоасига «клуб харажатларини тасдиқланган сметага мувофиқ молиялаштириш» учун 5 миллиард сўм (тахминан 417 минг доллар) ажратди. Маблағ ажратиш тўғрисидаги қарорни 29 октябрь куни Ўзбекистон пойтахти ҳокими Шавкат Умурзоқов имзолаган. Ҳужжат E-qaror электрон тизимида эълон қилинди.
Қайд этилишича, бундай қарор қабул қилинишига футбол клуби раҳбарияти ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Муниципал активларни бошқариш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан ҳокимликка қилинган мурожаат асос бўлган. Пойтахт бюджети ҳисобидан айнан қайси харажатларни қоплашга қарор қилинганига аниқлик киритилмаган.
Шу билан бирга, ҳужжатдан маълум бўлишича, ҳокимлик вакилларига «Пахтакор»нинг устав фондидаги маъмурият улушини ошириш ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланилишини таъминлаш топширилган.
Бир неча ой олдин нуфузли футбол клубининг асосий ҳомийси — Akfa компаниялар гуруҳи жамоани қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ниятида экани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бундай қарорни холдинг раҳбари Жаҳонгир Ортиқхўжаев қабул қилгани айтилган.
Бир муддат «Пахтакор» ҳомийнинг кетиши ҳақида расман изоҳ бермади. Бироқ, август ойи охирида «Азия-Спорт» Telegram-канали футбол клуби ходимларига таяниб, уларга Akfa билан ҳамкорлик тўхтатилиши ҳақида маълум қилинганини хабар қилди.
Октябрь ойида клуб ҳам ҳомийсидан айрилганини тан олди, бироқ компания номини ошкор қилмади. Эътиборлиси, жамоа тадбиркорларнинг бундай қарор қабул қилишига мамлакат чемпионатидаги ҳакамлик сабаб бўлганини таъкидлайди. «Пахтакор» ҳакам Илгиз Тантошевни Наманганнинг «Навбаҳор» жамоаси билан ўйинда футболчиларнинг ўхшаш ҳаракатларини баҳолашда турли мезонларни қўллаганликда айблаганди. Жумладан, ҳакам рақиб футболчиларининг бир қатор қўпол қоидабузарликларини жазоламаган, «Пахтакор» ўйинчилари эса унчалик жиддий бўлмаган хатти-ҳаракатлари учун ҳам огоҳлантириш олган. Эътирозлар пойтахт жамоаси дарвозасига белгиланган пенальти ва рақибнинг жарима майдонидаги қоидабузарликларга эътибор қаратилмаганига ҳам тааллуқли бўлган. Баёнот якунида айнан ҳакамлик туфайли Тошкент клуби асосий ҳомийсидан айрилгани айтилган.
2024 йил декабрь ойида Ортиқхўжаев «Пахтакор»нинг йиллик харажатлари қарийб 100 миллиард сўмни (8,3 миллион доллар) ташкил этишини маълум қилган эди. Тадбиркор клуб фойда келтирмаслигини таъкидлаган, шу билан бирга, жамоани қўллаб-қувватлаш зарурлигини қайд этган.
Тошкентнинг «Пахтакор» клуби — Ўзбекистоннинг энг кўп совринга эга футбол жамоаси. Клуб республика чемпиони унвонини 16 марта қўлга киритган.



