Яна бир неча йил аввал минтақа ташқарисида Ўзбекистоннинг тарихий мероси ҳақидаги суҳбатлар, одатда, бир нечта таниқли образлар — Самарқанд, Регистон, Бухоро, Буюк Ипак йўли билан чекланар эди. Август ойи охирида Тошкент ва Самарқандда бу тасаввурлар сарҳадини сезиларли даражада кенгайтиришга уриниш бўлди.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги нишонланиши арафасида бўлиб ўтган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумда қарийб 50 та давлатдан 300 га яқин журналист, оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, продюсерлар, ноширлар, олимлар ва креатив индустрия вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар орасида CNN, Euronews, BBC Studios, TRT World, Oman TV, Report.az, The London Post ва бошқа ўнлаб хорижий медиа тузилмалари вакиллари қатнашди. Форумнинг асосий медиа ҳамкорлари CNN ва Euronews бўлди.
Бироқ, тадбирнинг аҳамиятини машҳур брендлар рўйхати ёки хорижий меҳмонлар сони билан чеклаб бўлмайди. Аслида, Ўзбекистон маданий дипломатия моделини синовдан ўтказди: мамлакат ҳақида хорижий аудиторияга Тошкентдан туриб ҳикоя қилиш ўрнига, давлат ҳар куни ана шу аудитория билан мулоқот қиладиганларнинг ўзини Ўзбекистонга олиб келди.
Журналистлар мамлакатни ўз кўзлари билан кўрдилар, тарихий объектлар, олимлар, музей коллекциялари ва янги лойиҳалар билан танишиш имкониятига эга бўлдилар, ҳамкасблари ва талабалар билан учрашдилар. Бу танишув учун асосий майдон эса янги Ислом цивилизацияси маркази бўлди.
Айнан шу ерда форум халқаро конференциядан медиа маҳсулотга айлана бошлади.
Мақсад — музейни намойиш этиш эмас, дунёга тарихни сўзлаб бериш эди
Ислом цивилизацияси маркази Тошкентда 2026 йил март ойида очилди. Лойиҳа ғояси 2017 йилдаёқ президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган эди. Бугун мажмуа музей экспозицияси, илмий ва таълимий майдонлар, кутубхона, архивлар, қўлёзмалар билан ишлаш йўналиши, мультимедиа ва рақамли технологияларни бирлаштиради. Аммо форумда марказ анча кенгроқ нуқтаи назардан тақдим этилди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов уни музей, илм-фан, таълим, телевидение, ҳужжатли кино, китоб нашри, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект уйғунлашиши лозим бўлган халқаро маданий-маърифий ва медиа платформа сифатида таърифлади. Айнан шу ғоя бутун учрашувнинг асосий мавзуларидан бирига айланди: тарихий мерос нафақат музей витриналари ва академик тадқиқотларда мавжуд бўлиши, балки фильмлар, китоблар, телевизион лойиҳалар, подкастлар, мультимедиа ҳикоялар ва рақамли маҳсулотлар учун асосга айланиши керак.
Бу ерда принципиал фарқ бор. Ўзбекистон жаҳон миқёсида аҳамиятга эга бўлган улкан тарихий материалга эга: ал-Хоразмий, Ибн Сино, ал-Беруний, Имом Бухорий, ал-Мотуридий, Мирзо Улуғбек мероси, қадимий қўлёзмалар ва бир неча даврларга оид меъморий ёдгорликлар. Сўнгги ўн йилликлардаги муаммо эса, асосан, бошқа масалада эди — буларнинг барчаси глобал ахборот маконида қай даражада акс этмоқда ва улар ҳақида қайси тилда ҳикоя қилинмоқда?
Кувайтнинг The Times Kuwait нашри форумдан сўнг бу вазифани деярли сўзма-сўз ифодалади: масала энди фақат Ислом меросини асраб-авайлашда эмас, балки тарихни смартфонлар, ижтимоий тармоқлар, стриминг платформалари ва сунъий интеллект орқали ўрганаётган авлодга у ҳақда замонавий, ишончли ва қизиқарли тарзда қандай ҳикоя қилишдадир. Нашр, айниқса, ҳужжатли кино, подкастлар, қисқа видеолар, интерактив экспозициялар ва ижтимоий тармоқларга алоҳида эътибор қаратди.
Биринчи танишув самараси
Кўплаб хорижлик иштирокчилар учун форум бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг ўзи билан яқиндан танишиш имконига ҳам айланди. Тошкентда улар Ислом цивилизацияси марказини кўрдилар, маданий меросни оммалаштириш бўйича таассуротлари ва режалари билан ўртоқлашдилар. Шундан сўнг дастур Самарқандда давом этди — Имом Бухорий мажмуаси, Халқаро ҳадисшунослик илмий-тадқиқот маркази, янги инновацион музей ва шаҳарнинг тарихий ёдгорликларига ташриф буюрилди. Хорижий меҳмонларнинг айримлари учун бу илгари фақат китоблар, мақолалар ва фильмлар орқали билган жойлари билан биринчи бевосита танишув бўлди.
Ташкилотчилар амалда Самарқандни очиқ суратга олиш майдонига айлантирдилар. Хорижлик журналистлар интервьюлар ёзиб олдилар, репортажлар тайёрладилар ва телеканаллар, ахборот агентликлари, ҳужжатли лойиҳалар ҳамда рақамли платформалар учун материаллар тўпладилар. Бундай форматда халқаро форум бир кун билан чекланмайди ва сўнгги ялпи мажлис якунланиши билан тугамайди. Журналист ўз мамлакатига алоқалар, видеолар, фотосуратлар, ғоялар ва мамлакат ҳақидаги шахсий таассуроти билан қайтади. Кейин эса бу таассурот хорижий ахборот муҳитида мақолалар ва лойиҳаларга айланади. Бу таъсирнинг дастлабки натижаларини хорижий ОАВ материалларида кўриш мумкин.
Тошкентда бевосита ўз мухбири билан ишлаган Қатарнинг The Peninsula нашри форумни Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини рақамли сторителлинг, сунъий интеллект ва халқаро медиа ҳамкорлик орқали замонавий жаҳон дискурсига олиб чиқишга уриниш сифатида баҳолади. Нашр Ислом цивилизацияси марказини Ўзбекистоннинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини намойиш этиш учун халқаро платформа сифатида алоҳида таъкидлади.
The Peninsula бошқа бир материалида форум халқаро журналистларга тарихий объектлар, тадқиқотчилар ва минтақа бўйича эҳтимолий ҳамкорлар билан танишиш имконини бераётганини қайд этди. Шу билан бирга, жаҳон интеллектуал тарихи ривожига қўшган ҳиссаси ҳануз халқаро ОАВда нисбатан кам ёритилаётган минтақага ҳам эътибор қаратилди.
The Times Kuwait эса сарлавҳасида яна бир муҳим фикрни илгари сурди: Тошкент жаҳон ОАВини ислом цивилизацияси ҳақидаги янги мулоқотнинг марказига қўйди. Муаллифлар халқаро медиа ҳамкорликлари бу ерда тадбирни ёритиш усули сифатида эмас, балки фильмлар, теледастурлар, репортажлар, китоблар ва рақамли лойиҳалар каби узоқ муддатли контент яратиш механизми сифатида кўрилаётганини алоҳида таъкидладилар.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ахборот агентликлари иттифоқи Марказни тарих, илм-фан ва маърифатни бирлаштирувчи макон, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсоният цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этиш майдони сифатида баҳолади.
Озарбайжоннинг Report.az ахборот агентлиги ҳам Тошкентга ўз мухбирини юбориб, форумдан бир қатор материаллар эълон қилди. Уларнинг бирида CNN International Commercial нинг минтақавий вакили Имран Аҳмаднинг диққатга сазовор фикри келтирилган: халқаро аудиторияга Ўзбекистон ҳақида инсонлар, маданият ва ҳис-туйғулар орқали ҳикоя қилиш зарур — «дунё фактларга ошиқ бўлмайди, дунё ҳис-туйғуларга ошиқ бўлади».
Бу бироз рекламавийдек туюладиган формула ортида жуда аниқ профессионал мантиқ бор. Мамлакат минглаб ёдгорликлар ва ўнлаб буюк алломаларга эга бўлиши мумкин, аммо билимнинг ўзи ҳали мамлакатнинг халқаро имижига айланмайди. Бунинг учун ҳикоя керак. Ўзбекистон ҳозир айнан шундай ҳикоя яратиш қобилияти учун рақобатлашмоқда.
Нега CNN ва Euronews ҳақиқатан ҳам муҳим
CNN ва Euronews билан ҳамкорлик форумнинг асосий таркибий қисмларидан бирига айланганининг сабаби баннердаги икки машҳур логотипгина эмас. Бу улкан халқаро аудиторияга чиқиш инфратузилмаси. Гап юз миллионлаб, ҳатто миллиардлаб томошабин ва ўқувчилар ҳақида кетмоқда. Қолаверса, форумдаги ҳамкорлик расмий тусда бўлмади.
Euronews бош директори ва таҳририят раҳбари Клаус Штрунц шахсан Тошкентда иштирок этиб, маданият, медиа ва ғоялар орқали Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқалар ҳақида тақдимот қилди. У Марказий Осиё тарихи халқаро ахборот маконида етарлича кенг ёритилмаётганини таъкидлаб, Тошкент медиафорумини ҳар йили ўтказишни таклиф қилди.
CNN International Commercial ижрочи вице-президенти Фил Нельсон тармоқнинг глобал платформаларида Ўзбекистон меросини биргаликда тарғиб қилиш истиқболлари ҳақида гапирди. CNN вакили Паула Хэнкокс асосий сессиялардан бирини бошқарди, Имран Аҳмад эса мазкур медианинг Ўзбекистон ҳақида ҳикоялар яратишга ёндашувини тақдим этди.
Бу энг муҳим натижадир. Тошкент нафақат хорижий телеканалларнинг бир неча кунлик эътиборини тортди. Бу ерда жаҳон миқёсидаги ОАВ билан муносабатларни тизимли йўлга қўйиш, Ўзбекистонни халқаро нашрларда эпизодик равишда тилга олинадиган объектдан доимий равишда ҳикоялар, қаҳрамонлар, суратга олиш майдонлари ва қўшма лойиҳалар манбаига айлантириш имконияти пайдо бўлди.
Таниқли ўтмишдан — замонавий мамлакат сари
Яна бир муҳим мавзу BBC Studios вакили Сергей Становкиннинг нутқида янгради. Унинг сўзларига кўра, Самарқанд, Бухоро ва Хива мамлакат ташқарисида аллақачон етарлича танилган. Эндиги вазифа — Ўзбекистоннинг интеллектуал ва илмий мероси, шунингдек, замонавий мамлакатнинг янги ғоялари ва ютуқлари ҳақида дунёга ҳикоя қилиш. Янги Ўзбекистон учун бу принципиал аҳамиятга эга.
Туристик танилганлик ва давлатнинг халқаро нуфузи — икки хил тушунча. Мамлакат меъморий обидалари билан машҳур бўлиши, бир вақтнинг ўзида илм-фан, маданият, янги технологиялар ва замонавий тараққиёт ҳақидаги жаҳон муҳокамаларида етарлича намоён бўлмаслиги мумкин. Медиафорум тарихий ва бугунги Ўзбекистонни бирлаштиришга ҳаракат қилди.
Шу боис қўлёзмалар ва қадимий Қуръон ёнида сунъий интеллект, рақамли аватарлар, замонавий музей технологиялари ва ҳужжатли кино ҳақида муҳокамалар бўлди. Бир майдонда тадқиқотчилар, журналистлар, телевизион продюсерлар, ноширлар ва технологик компаниялар вакиллари жамланди.
Форумдан сўнг The Peninsula нашри INKSIGHT AI лойиҳаси — араб графикасидаги тарихий қўлёзмаларни таниб олиш тизими ҳақида алоҳида материал эълон қилди. Хорижий ўқувчи учун бу Ўзбекистон ҳақида бутунлай бошқача ҳикоя: у нафақат меъморий ёдгорликлар мамлакати, балки ўзининг улкан архив меросини ўрганишда замонавий технологиялардан фойдаланишга ҳаракат қилаётган давлатдир. Айнан шундай сюжетлар мамлакатнинг халқаро майдонда қабул қилинишини аста-секин ўзгартиришга қодир.
Марказ — доимий халқаро майдон сифатида
Шу маънода Ислом цивилизацияси маркази Тошкент учун янги музейдан кўра каттароқ аҳамият касб этиши мумкин. Бинонинг ўзиёқ кучли визуал образ сифатида ишламоқда. Хорижий меҳмонларнинг мажмуага муносабати кўпинча расмий тақдимотлардан кўра таъсирчанроқ бўлмоқда. Марказ сайтида сиёсатчилар, дипломатлар ва халқаро арбобларнинг таассуротлари жамланган бўлиб, улар Марказни сўнгги йиллардаги энг кучли музей лойиҳаларидан бири сифатида баҳолайдилар. Euronews директорлар кенгаши раиси Педру Варгас Давид Марказ билан танишганидан сўнг, бунга ўхшаш нарсани илгари ҳеч қачон кўрмаганини ва ҳар бир тафсилотга берилган эътибордан ҳайратланганини айтди.
Бироқ, лойиҳанинг ҳақиқий қадри дастлабки таассуротдан кейин бу маконда нималар содир бўлиши билан белгиланиши мумкин. Форум эҳтимолий моделни кўрсатди: Марказ халқаро журналистлар ва продюсерларни қабул қилади, уларни тарихчилар ва тадқиқотчилар билан боғлайди, коллекциялардан фойдаланиш имконини беради, фильмлар, китоблар, телевизион дастурлар ва рақамли лойиҳаларга айланиши мумкин бўлган мавзуларни таклиф қилади.
Яъни у бир вақтнинг ўзида музей, тадқиқот маркази, халқаро пресс-марказ ва ўзига хос маданий контент фабрикаси сифатида ишлаши мумкин. Форумга қадарёқ Марказ материаллари ва лойиҳалари 65 та мамлакат ОАВида пайдо бўлган эди. Халқаро лойиҳаларда юзлаб янгилик ва медиа материаллари, тўлиқ метражли ҳужжатли фильмлар, видеолойиҳалар, телевизион репортажлар ва китоблар намоён бўлди.
Форумда бу фаолиятни институционаллаштиришга қарор қилинди. Тахминан 20 та келишув ва меморандум имзоланди. Якуний таклифлар орасида Халқаро медиаальянс тузиш, журналистлар ўртасида профессионал алмашинувларни йўлга қўйиш, қўшма контент ишлаб чиқариш, халқаро медиа танлови ўтказиш ва форумни мунтазам майдонга айлантириш ғоялари бор. Кейинги босқичда яна 50 га яқин қўшма халқаро медиа лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Бундай ҳолатда Марказ бутунлай бошқа вазифани бажаради: у халқаро медиа индустрияси учун Ўзбекистонга доимий кириш нуқтасига айланади.
Журналистлар — меҳмонлар эмас, иштирокчилар эди
Форумнинг яна бир муҳим кўрсаткичи — унинг маъфирий қисми бўлди. Хорижий медиа менежерлар ва журналистлар Марказдаги чиқишлар билан чекланиб қолмадилар. Тошкент ва Самарқандда университетларда ўнлаб учрашув ва маҳорат дарслари ўтказилди. Фақат дастлабки икки куннинг ўзида пойтахтнинг 19 та олий таълим муассасасида 33 та тадбир бўлиб ўтди, шундан сўнг дастур Самарқандда давом этди.
Агар мақсад Ўзбекистоннинг халқаро ахборот маконида ўз ўрнини яратиш бўлса, эфир вақтини сотиб олиш ёки хорижлик машҳурларни таклиф қилишнинг ўзи кифоя эмас. Бунинг учун худди шу профессионал тилда ишлай оладиган ўз журналистлари, продюсерлари ва муҳаррирлари керак бўлади.
Форум якунига кўра, Ислом цивилизацияси маркази ва Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети мамлакат тарихи ва маданий меросига йўналтирилган ёш журналистларни тайёрлаш бўйича қўшма дастурни ишга туширди.
Мамлакат ўз тарихи ҳикояси манбаига айланмоқда
Ўнлаб йиллар давомида ташқи аудиториянинг катта қисми учун Марказий Осиё ҳақидаги тасаввур минтақа ташқарисида шаклланди. Халқаро ОАВ бу ерга, асосан, сиёсий инқирозлар, йирик сайловлар, можаролар ёки фавқулодда воқеалар пайтида келар эди. Маданият ва тарих эса кўпинча тор доирадаги мавзу бўлиб қоларди.
Ҳозир Ўзбекистон халқаро ахборот маконида намоён бўлиш тамойилининг ўзини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Мамлакат дунёга ўз мавзуларини таклиф қилмоқда ва бир вақтнинг ўзида хорижлик журналистларга уларни ёритиш имконини бермоқда. Энг йирик телеканалларни нафақат тадбирни ёритиш, балки қўшма лойиҳалар яратиш учун ҳам таклиф қилмоқда. Тарихий меросни декоратив фон сифатида эмас, балки замонавий кино, телевидение, илм-фан, технология ва таълим учун ресурс сифатида намойиш этмоқда.
Дастлабки нашрлардан кўриниб турибдики, хорижий матбуот буни англади. The Times Kuwait Тошкентда ислом цивилизацияси ҳақида замонавий инсонга қандай сўзлаш кераклиги борасида янги халқаро мулоқотни кўрди. The Peninsula — Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини глобал рақамли маконга олиб чиқишга уринишни. UNA — Ўзбекистон жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этаётган халқаро майдонни. Report.az эса мамлакат тарихини халқаро аудиторияга тушунарли ҳикояга қандай айлантириш мумкинлиги муҳокама қилинаётган майдонни кўрди.
Натижада форумнинг ўзи илгари сурган ғоянинг яққол намунасига айланди. Ўзбекистон тарихий мерос замонавий медиа маҳсулотига айланиши мумкинлигини кўрсатишни мақсад қилди. Бунинг учун Тошкентга дунёнинг турли мамлакатларидан журналистлар ташриф буюрди, форум якунида эса бир қатор қизиқарли лойиҳаларни ўз ичига олган декларация ҳамда мамлакат президентига мурожаат қабул қилинди.
Энди энг муҳим масала — юзага келган қизиқишни фильмлар, мақолалар, телевизион лойиҳалар, халқаро коллаборациялар ва журналистларнинг янги ташрифларидан иборат доимий оқимга айлантириш қай даражада уддаланишида. Агар бу амалга ошса, Ислом цивилизацияси маркази музей соҳасидан анча кенгроқ аҳамият касб этади, форумнинг ўзи эса Ўзбекистон глобал ахборот маконида ўз ўрнини изчил эгаллашига хизмат қиладиган воситалардан бирига айланиши мумкин.
Шунда гап энди дунё аҳли Самарқанд ёки Бухорони томоша қилиш учун келгани ҳақида эмас, балки Янги Ўзбекистон дунё билан бевосита мулоқот қилишни ўргангани ҳақида боради.
-
05 Март05.03Чилонзор ва қадамжолар куйчисиТошкентлик таниқли фотожурналист, «Фарғона» ахборот агентлиги махсус мухбири Андрей Кудряшов оламдан ўтди -
16 Февраль16.02Оловли, қизил ва гўзалҚандай қилиб от хитойликлар тавимида бебаҳо ҳайвонга айлангани ҳақида -
10 Февраль10.02СуратРанглардаги қорақалпоқ жилосиТошкентда Саидбек Собирбоевнинг «Хотира безаклари» кўргазмаси бўлиб ўтмоқда -
06 Февраль06.02Қадим Тошкент «муҳофизи» вафот етдиМашҳур ўлкашунос ва Ўзбекистон тарихи тарғиботчиси Борис Анатольевич Голендер оламдан ўтди -
21 Январь21.01Булбул гул ишқида ёнгани кабиМарказий Осиё мамлакатларига МҲО хавфи борми? -
19 Январь19.01СуратТабиатга бўлган қирқ йиллик муҳаббат маҳсулиТошкентда «Рассом ва табиат» XL юбилей кўргазмаси бўлиб ўтди



